АсосийDunyo

Туркиянинг етакчи журнали Ўзбекистон элчиси билан суҳбат чоп этди

'Туркиянинг етакчи журнали Ўзбекистон элчиси билан суҳбат чоп этди'ning rasmi

Туркиянинг «Otonomi» журналида мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев билан  «Ўзбекистоннинг 30 йиллик тўйи» сарлавҳали суҳбат чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда сўнгги йиллар давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ўзгаришлар, мамлакатнинг тарихий ва табиий гўзалликлари ҳамда тобора мустаҳкамланиб бораётган ўзбек-турк муносабатлари ҳақида атрофлича фикр юритилган.

Ўзбекистонлик дипломат суҳбат аввалида мамлакатимиз халқи учун муҳим сана арафасида суҳбат қуриш имкониятини тақдим этгани учун турк томонига самимий миннатдорлик билдирар экан, Мустақиллик куни халқимиз учун энг муҳим байрам эканини қайд этган.

 А.Аъзамхўжаевнинг айтишича, Ўзбекистон бугунги кунда мустаҳкам оёққа турган ва халқаро майдонда ўз сўзи ва обрўсига эга бўлган мамлакат ҳисобланади. «Бу ерда мен бир ҳақиқатни алоҳида таъкидламоқчиман. Давлатлар мустақил бўлиши учун мустақилликни эълон қилишнинг ўзи етарли эмас. Бу жараёнда бошқа мамлакатлар томонидан тан олиниш халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан жуда муҳим босқич ҳисобланади. Шу жиҳатдан қараганда, бундан қарийб 30 йил олдин Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган мамлакат Туркия бўлган эди», - дея таъкидлаган мамлакатимиз элчиси.

Суҳбатда қайд этилганидек, Туркия Ўзбекистон учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган муҳим қадам ташлаган. 30 йил ўтиб, бугун Туркиянинг бундай жасоратли ва биродарлик қарори миннатдорлик ва мамнуният билан эсланмоқда.

«Комил ишонч билан айтишим мумкинки, йиллар ўтади, Ўзбекистон мустақиллигининг 50, 100 йиллик тўйлари нишонланади ва Туркиянинг мазкур тарихий қўллаб-қувватлаши ҳар доим ҳурмат билан эътироф этилади», - дея таъкидлайди А.Аъзамхўжаев.

Дипломатга кўра, 30 йиллик мустақиллигини нишонлаётган Ўзбекистоннинг, айниқса, сўнгги беш йилдаги қадамларини алоҳида қайд этмоқ лозим. Хусусан, 2016 йил декабрида янги Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан мамлакатда барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар жараёни бошланди. Ўтган беш йил ичида давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва прагматик ташқи сиёсат соҳасига устувор аҳамият бериш каби мақсадларда муайян ютуқларга эришилди.

Шу ўринда элчи, Ўзбекистон барча соҳаларда ривожланиш ва тараққиётни бошлаш билан бирга ташқи дунёга ҳам очилганини қайд этади. Бунинг натижасида 2019 йилда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига (Туркий Кенгаш) аъзо бўлиш Ўзбекистон учун жуда муҳим қарор бўлди. Ўзбекистоннинг ушбу Кенгашга аъзолиги ҳам Туркия билан икки томонлама муносабатларга, ҳам бошқа қардош республикалар билан ўзаро муносабатларга ижобий таъсирини кўрсатди. Бинобарин, қўшнилар билан аввал мавжуд бўлган муаммоларни ҳал қилиш ва ўзаро минтақавий ҳамкорликни жонлантириш «Янги Ўзбекистон»нинг устувор мақсадларидан бири ҳисобланади.

Журнал мухбирининг «Туркия ҳамда Ўзбекистон каби икки дўст ва қардош мамлакат ўртасидаги муносабатлардаги ҳозирги вазиятни қандай баҳолайсиз?» деган саволига Ўзбекистон элчиси қўйидагича жавоб беради: «Муҳтарам Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганидан сўнг Туркия билан муносабатларимизда мутлақо янги давр бошланди ва стратегик шериклик даражаси билан тавсифланган муносабатларнинг асослари яратилди. Сўнгги беш йилда Ўзбекистон ва Туркиянинг тегишли муассасалари ўртасида соғлиқни сақлаш, ички ишлар, таълим, маданият каби турли соҳалардаги ҳамкорлик кескин даражада ўсди. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди.  2020 йил 19 февралда Анқарада Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши муваффақиятли ўтди. Ўзбекистон Президентининг Туркияга мазкур ташрифи Президент Миллий кутубхонасининг очилиш кунига тўғри келди. Мазкур маросимда Ўзбекистон раҳбарининг фахрий меҳмон сифатида иштирок этиши жуда катта маънога эга эди. Шунингдек, пандемияга қарамай, бу йил ҳам ўзаро муносабатлар нуқтаи назаридан жуда интенсив кечмоқда. Насиб бўлса, бу йил Тошкентда икки мамлакат Президентлари ҳамраислигида Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтиши кутилмоқда».

Мулоқот давомида суҳбатдош, шунингдек, Ўзбекистон-Туркия савдо алоқалари жадаллик билан ўсишда давом этаётганини қайд этади.  Унга кўра, аввал  Ўзбекистоннинг 5-савдо шериги бўлган Туркия сўнгги йилларда 4-ўринга кўтарилди. Пандемия даврида табиий равишда ўзаро савдо кўрсаткичларида муайян пасайиш кузатилди. Сўнгги маълумотларга кўра, 2021 йил 1 январидан 15 июнга қадар Ўзбекистоннинг Туркияга экспорти 730,2 миллион долларни ташкил этди.

Элчи А.Аъзамхўжаевнинг таъкидлашича, турк компанияларининг Ўзбекистондаги сармояси ҳажми 1 миллиард доллар атрофида. Ўзбекистонда турли соҳаларда, хусусан, тўқимачилик саноати ва пудратчилик соҳасида турк капитали иштирокидаги 1 минг 700 дан ортиқ компания фаолият юритмоқда. Улар тахминан 50 минг кишини иш билан таъминламоқда.

Суҳбат якунида дипломат Ўзбекистонда бизнес юритишни режалаштираётган, мамлакатимизнинг савдо ва сармоявий имкониятларига қизиқиш билдирган ҳамда тайёр лойиҳаларга эга бўлган ҳар бир тадбиркор билан учрашишга ва маслаҳатлашишга ҳар доим тайёр эканини маълум қилган. «Бизнинг асосий мақсадимиз икки давлатнинг савдо-иқтисодий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришдир», дейди у.

    Бошқа янгиликлар