АсосийЖАМИЯТ

Сенаторлар Президент раҳмат айтган болалар уйида бўлишди

 Ўзбекистон Республикаси  Президенти Ш.М.Мирзиёев 28 июлда ўтказган видеосе...

 Ўзбекистон Республикаси  Президенти Ш.М.Мирзиёев 28 июлда ўтказган видеоселектор йиғилишида етим болаларни оила муҳитида тарбиялаш мақсадида 5-10 ўринли Оилавий болалар уйларини ташкил этаётган юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди.

Давлат раҳбари Урганч туманида яшовчи Раҳимахон Дурдиевага Оилавий болалар уйи ташкил этиб, 40 дан ортиқ боланинг ҳаётда ўз йўлини топишига кўмаклашиб келаётганини, меҳрга ташна болаларга кўрсатган ғамхўрлигини ибрат сифатида келтириб, унга миннатдорлик билдирди. Опа фаолиятига “Бу жуда катта қаҳрамонлик” деб баҳо берди.

Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва Гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари М.Парпиев, сенатор Ф.Садуллаева, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-кувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Г . Курбанбаева мазкур болалар уйида бўлишди. 1-йилда оилавий боғча шаклида очилган, кейинчалик мукаммал оилавий  болалар уйига айланган бу қутлуғ хонадон, унинг раҳбари ва бекаси, Ўзбекистон халқ таълими аълочиси Раҳимахон Дурдиева ҳалол меҳнатлари, фидойилиги билан эл-юрт назарига тушди. 

 -У пайтда вилоят халқ таълими бошқармасида бош маслаҳатчи эдим. – дейди опа янги иш бошлаган даврни эслаб, - мактабгача таълим соҳасида узоқ йил ишлаб юриб боғчаларга тортилмайдиган, етим, ўзгалар мададига муҳтож болажонларни кўп кўрдим, улар қисматига ачинардим, чора қидирардим. Шу даврда  хусусий муассасалар ташкил этиш мумкин бўлди.Пенсияга чиқиб, Урганч  туманидаги ташландиқ, фаолияти тўхтаган боғчани олдим. Янги лойиҳа билан мукаммал қайта қурдик. Шу тариқа ишларимиз юриб кетди.

Дарҳақиқат, ўтган даврда болалар уйи 40 нафардан ортиқ ўғил-қизга муқаддас оила, таълим, тарбия ва маърифат маскани, оналик тафтини, ини-сингиллар ҳамжиҳатлигини ўксик қалбларга сингдира олган қутлуғ даргоҳга айланди. Ўтган даврда бу остонада ўсиб-улғайган қизлардан 7 нафари Раҳима оналари бош бўлиб туй-томошалар билан  турмушга узатилди. 

Ҳозир бу даргоҳда 8 нафар инсоний меҳрга муҳтож турли миллатга мансуб 8 нафар ўғил-қиз вояга етяпти. Опаларига энажон  деб эркаланишади, тафт олишади. Ҳожи оналари болажонларининг кўнгилларига қарайди. Фалон жойга бориб касб ўрганаман дейишса  шароит муҳайё қилинади.

 

 Сенатор ва бошқа меҳмонлар болалар уйида самимий кутиб олинди. Болажонлар ўз иқтидорларини намойиш этишди. Меҳмонлар   бағрикенгликнинг асл намунаси бўлган бу  “ноёб оила”нинг аъзоларига  совға-саломлар тарқатишди.

    Бошқа янгиликлар