АсосийSiyosat

Сенат аъзолари томонидан яна бир муҳим Қонун маъқулланди

'Сенат аъзолари томонидан яна бир муҳим Қонун маъқулланди'ning rasmi

Олий Мажлис юқори палатасининг ўн еттинчи ялпи мажлисида “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Сенатнинг 2021 йил апрель ойида бўлиб ўтган ўн тўртинчи ялпи мажлисида лицензиялаш, рухсат бериш, хабардор этиш масалалари маънан эскирган ва тарқоқ қонун ҳужжатлари билан тартибга солиб келинганлиги сабабли замон талабларига мос келадиган ва соддалаштирилган ягона қонун маъқулланган эди.



Таъкидланганидек, ушбу Қонун билан лицензия ва рухсат бериш соҳасидаги қонун ҳужжатлари мувофиқлаштирилмоқда.

Миллий қонунчилигимизда ўз ўрнига эга маъқулланган мазкур қонун амалда бўлган 70 турдаги лиценцияланадиган фаолият ва 34 турдаги рухсатномаларни бекор қилиши билан бирга, лиценция ва рухсатномалар соҳасини тартибга солувчи 33 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кераклиги талабини ҳам келтириб чиқарган.
Жумладан, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳам ўзгартиш киритилиб, амалдаги қонундаги Банк томонидан филиални ташкил этишга доир Марказий банкдан рухсатнома олиши тартиби бекор қилиниб, ўрнига Банклар ўз филиали ёки банк хизматлари офисини очганлик ва тугатганлик тўғрисида Марказий банкни белгиланган тартибда хабардор этади, деб белгиланмоқда.

Шу билан бирга, белгиланган тартибда банк филиали ёки банк хизматлари офисини очганлик ва тугатганлик тўғрисида Марказий банкни хабардор қилмай амалга оширилган фаолият қонунга хилоф эканлиги белгилаб қўйилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тасдиқланган бўлиб, унда бир қанча фаолият турларига нисбатан лицензиялашдан ташқари бошқа рухсат бериш тартиб-таомилларини, хабардор қилиш тартибини жорий этиш назарда тутилган.

Шу сабабли эндиликда лицензиялашдан ташқари бошқа рухсат бериш тартиб-таомиллари ёки хабардор қилиш тартиби амал қиладиган фаолият бошқа турларидан ҳам ғайриқонуний равишда кўп миқдорда даромад олиш мумкинлигини инобатга олиб, улар учун самарали жавобгарлик механизмларини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида барча тартиб-таомиллар батафсил белгиланганлиги ҳамда лицензия бериш тартиби ўрнига рухсатнома бериш ёки хабардор қилиш тартиблари жорий этилаётганлиги муносабати билан “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунларга ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қонуннинг маъқулланиши ишбилармонлик муҳитини фаоллаштиришда муҳим ўрин тутувчи лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига оид қонунлар самардорлигининг ошишига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

    Бошқа янгиликлар