Тошкент вилоятида "Малибу" автомашинасининг ЙПХ ходими томонидан тўхталгани ва ҳайдовчига протокол ёзаётган пайтида, рациядан келган "юқори"да ўтирганнинг оғзаки буйруғи билан 01 584 AAA рақамли автомашина ҳайдовчиси қўйиб юборгани ҳақида хабар берган эдик.
ИИББ Ахборот хизматининг маълум қилишича, воқеа жорий йилнинг 28 июль куни Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар ҳудудида ўтказилган назорат-рейд тадбирлари давомида содир бўлган.
М.Улуғбек кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими А.Исмоилов томонидан “OʼZTEMIRYOʼLMASHTAʼMIR” унитар корхонасига тегишли бўлган «Малибу» русумли автомобиль ҳайдовчиси ҳаракат вақтида хавфсизлик камаридан фойдаланмаганлиги сабабли тўхтатилган.
Текширув давомида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи барча ҳужжатлар ҳайдовчининг ёнида бўлган.
Ҳайдовчига нисбатан МЖтКнинг 125-моддаси 1-қисмга (хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларини бузиш) асосан EV-21 церийали 10-972827 рақамли электрон шаклдаги баённома расмийлаштирилган.

Маъмурий баённомани расмийлаштириш жараёнида ЙПХ ходимининг командири алоқага чиқиб, кўп ушлаб турмаслигини, ҳайдовчига нисбатан «хушмуомала»да бўлишини айтиб, транспорт воситасини қўйиб юборишини айтган. Шундан сўнг ҳайдовчи ҳаракатни давом эттирган.
Ушбу ҳолатда (рация орқали боғланган) 2-минтақавий ҳудуд ЙПХ отряди командири амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларини бузганлиги учун интизомий жазоланган.
ИИББ ижтимоий тармоқ саҳифалар эгаларидан тўлиқ таҳлил қилинмаган, ойдинлик киритилмаган маълумотларни тарқатмасликларини сўрамоқда.






