Сир эмас, ҳозирги кунда болалар ўртасида кўзойнак тақувчилар сони кўп учрамоқда. Шифокорларнинг фикрича, кўздаги касалликнинг ривожланиши кичкинтойларнинг кўзи эртароқ ёшида текширилаётганига боғлиқ. Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромов болаларда учрайдиган кўз касалликларидан ҳимояланиш сирлари ҳақида сўзлаб берди :
– Ҳозирги кунда болалар ўртасида кўзойнак тақувчилар сони кўп учрамоқда. Бу бир томондан эндиликда кичкинтойларнинг кўзи эртароқ ёшида текширилаётганига боғлиқдир. Шу туфайли уларда кўриш нуқсонлари ўз вақтида аниқланади. Иккинчи томондан, кўзга барвақт зўриқиш келиши (масалан, мобиль телефонга кўп тикилиш, соатлаб телевизор экрани олдида ўтириш туфайли) мактаб ёшидаги ва мактабгача ёшдаги болаларда яқиндан ва узоқни кўролмаслик авж олишига олиб келмоқда. Бундай вақтда нотўғри танланган кўзойнак кўз оптик тизимининг меъёрий ривожланишини издан чиқаради ва кўриш фаолиятига зарар етказиши ҳам мумкин. Тўғри танланган кўзойнак кишига катта ёрдам беради, яъни атрофдаги нарсаларни яхшироқ кўришига имкон яратади. Ҳатто кейинчалик кўриш қувватини тиклаши ҳам кузатилган. Яхши танланган гардиш юз кўринишини бузмайди, уни бир қадар чиройли курсатади.
– Кўзойнакнинг юз тузилишига мувофиқ бўлиши саломатлик учун қанчалик фойдали?
– Кўзойнак танлашда гардишнинг яхши ўрнашганлигига эътибор бериш керак. Кишиларнинг юз тузилиши турлича бўлганлиги сабабли гоҳо юзга мос келадиган гардишни танлаш кийин. Демак, гардишни, албатта, мутахассис танлаб бериши лозим.
Гардиш бурун ва қулоқни оғритмаслиги ва шу билан бирга ойнакларнинг кўзга нисбатан тўғри жойлашувини таъминлаши ҳамда кўз қорачиғи орасидаги масофага мос келиши керак.
Ҳимоя кўзойнаклари қулай ва енгил бўлиши лозим. Кўзни жуда ўткир нурдан ҳимоя қилиш учун кўнғир, кўк, сарғимтир, кулранг ёки яшил кулранг ойнакли кўзойнаклар қўлланилади.
Заҳарли буғ ва газлар бор жойда ишлайдиганлар учун ярим ниқобли ёки противогазли кўзойнаклар ишлатилади. Ҳимоя кўзойнагини, албатта, мутахассис шифокор иштирокида танлаш керак. Бундай кўзойнакни ишдан кейин тоза латта билан артиб қутичага ёки махсус ниқобга солиб қўйган маъқул.