Куни кеча "Toshkent" телеканали эфирида "Malibu" машинасининг ЙПХ ходими томонидан тўхталгани ва рациядан келган буйруққа асосан, инспектор ҳайдовчини қўйиб юборгани акс этган видео тарқалган эди. Шундан сўнг, ҳолат юзасидан расмий маълумот берилиб, буйруқ берган ходимга интизомий жазо берилгани маълум қилинди.
Бугун "Toshkent" телеканали эфирида яна бир "Malibu" автомашинасининг ЙПХ ходими томонидан тўхталиши акс этган лавҳа узатилгани маълум бўлди. Унда инспектор ҳайдовчи аёлнинг рулда телефонда гаплашиб келаётганини кўриб, тўхтатган.
ЙПХ ходими ҳолат бўйича ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома тузмоқчи бўлганида ҳайдовчи аёл 25 марта радарга тушиб жарима тўлаганини, 5 нафар боласи борлигини айтиб, уни қўйиб юборишни сўрайди. ЙПХ ходими бунга кўнмагач, аёл ўз телефонидан танишига қўнғироқ қилиб, телефонни ЙПХ ходимига узатади.
Ходим телефондаги шахсга салом бериб, ўзини таништирди. "Лаббай, хўжайин, тузукмисиз? Хўп, хўп", — дея суҳбатни якунлайди.
Шундан сўнг у ҳайдовчига фарзандининг мазаси йўқ бўлса, буни "чиройли қилиб тушунтириш кераклиги"ни айтади ва уни "огоҳлантириб" қўйиб юборади.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилгани йўқ.






