АсосийЖАМИЯТ

Бухорода "Абдуллахон" мадрасаси девори ўпирилиб тушди

Ижтимоий тармоқларда “Абдуллахон” мадрасасининг девори ўпирилиб тушганлигини акс эттирувчи...

'Бухорода "Абдуллахон" мадрасаси девори ўпирилиб тушди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда “Абдуллахон” мадрасасининг девори ўпирилиб тушганлигини акс эттирувчи фотосуратлар тарқалди.  

Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилишича, ҳақиқатдан ҳам, кўп йиллик техноген жараёнлар (иссиқ ва совуқ иқлим, ёғингарчиликлар ва ер ости сувларининг кўтарилиши) таъсирида жорий йилнинг 30 июль куни “Абдуллахон” мадрасаси орқа томон деворининг бир бўлаги ўпирилиб тушган.

Бу ҳолат бўйича Маданий мерос агентлигининг вилоят бошқармаси, Бухоро шаҳар ҳокимлиги, реставраторлар ва соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, жойида ўрганиш ўтказилган. Шунга кўра, тезкор чора-тадбирлар белгиланиб, Республика Маданий мерос агентлигидан вакиллар жалб қилинган ва “Абдуллахон” мадрасасининг орқа қисми деворининг ўпирилиб тушган бўлагини белгиланган тартибда тегишли лойиҳа асосида қайта тиклаш ва зарурий реставрация ишларини ташкил этиш ишлари бошланган.

Шу билан бирга, таъкидланишича, Бухорода техноген жараёнлар оқибатида нураши, емирилиши ва қулаб тушиши эҳтимоли юқори бўлган 40 та маданий мерос объектини умумбашарий қийматини сақлаш, уларда тиклаш, реставрация ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича олимлар, реставраторлар ва малакали мутахасислар томонидан ўрганишлар ўтказилган ҳолда зарур чора-тадбирлар белгиланиши ҳақида Ҳукуматга аниқ таклифлар юборилди.

Бундан ташқари, ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан суриштирув ишлари ҳам олиб борилмоқда, дейилади Матбуот хизмати хабарида.

 

    Бошқа янгиликлар