Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва Кореянинг хорижий инфратузилма ва шаҳарсозликни ривожлантириш корпорациясининг (KIND) Ўзбекистондаги директори Ким Хви Бонг ўртасида «Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Янгиҳаёт туманларида Халқаро инновацион қурилиш комплекси ва замонавий йўлдош шаҳар -- Смарт ситини барпо этиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича учрашув бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Korea Land and Housing Corporation (Жанубий Корея) билан ҳамкорликда «Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Янгиҳаёт туманларида Халқаро инновацион қурилиш комплекси ва замонавий йўлдош шаҳар -- Смарт ситини барпо этиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг апрель ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги Корея Республикасининг Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги томонидан ташкил этилган ақлли шаҳарсозлик грант дастурида иштирок этиб, «Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Янгиҳаёт туманларида Халқаро инновацион қурилиш комплекси ва замонавий йўлдош шаҳар -- Смарт ситини барпо этиш» инвестиция лойиҳасининг Бош режа ва техник иқтисодий асосланишини ишлаб чиқишда техник ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи лойиҳасини тақдим этганди. Инновацион ривожланиш вазирлигининг лойиҳаси грант дастури доирасида танлаб олинди ва тасдиқланди. Жорий йилнинг август ойида лойиҳани амалга оширишни бошлаш режалаштирилган.
Учрашув давомида инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов бугунги кунда республикада хорижий давлатларнинг муваффақиятли амалиётига асосланган Ақлли шаҳар дастурини бажариш, миллий инфраструктурани ривожлантириш, халқаро инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, самарали ёндашувлар ва механизмлар интеграциялашуви вазирликнинг олдида турган муҳим вазифалардан эканини таъкидлади.
Ушбу инвестиция лойиҳасини амалга оширишдан мақсад республиканинг узоқ муддатли барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши таъминлаш, Ақлли шаҳар лойиҳасини амалга ошириш соҳасида катта тажрибага эга бўлган хорижий компанияларни жалб қилган ҳолда шаҳарнинг муҳандислик, уй-жой, ижтимоий ва инновацион инфратузилмасини ривожлантиришдир.
Учрашув давомида томонлар ҳамкорликдаги фаолият йўналишларини муҳокама қилиб, инвестиция ва грант дастурларини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаб олдилар.
Мазкур ҳамкорлик Корея Республикаси билан Инновацион ривожланиш вазирлигининг қўшма лойиҳалар, шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришда инновацион технологияларни жорий этиш соҳасидаги алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш имконини беради, бу эса ўз навбатида инновацион ривожланишнинг асосий мезонларидан биридир.






