“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, Ўзбекистон давлат сатира театрининг етакчи саҳна устаси Тошкенбоев Асрол Газибоевич 81 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар бермоқда.
Ўз ижодий фаолиятини 1963 йилда Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида бошлаган А.Тошкенбоев 1968 йилда Аброр Ҳидоятов номидаги Ўзбек давлат драма театрида давом эттиради.
1989 йили Абдулла Қаҳҳор номидаги Республика Сатира театри ташкил этилгач, ушбу театрнинг таъмал тошини қўйган ижодкорлар сифатида шу даргоҳда иш бошлаб, ҳозирги кунга қадар меҳнат қилди. Ўз соҳасининг етакчи саҳна устаси даражасига етишди.
Эллик саккиз йилдан ортиқ вақт давомида фидокорона меҳнати, саҳнадаги сермаҳсул ижоди, бетакрор ижро маҳорати билан мухлислар меҳрини қозонган устоз санъаткор энди орамизда йўқ.
"Даракчи.уз" жамоаси марҳум Асрол Тошкенбоевнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари, яқинлари, ҳамкасблари ва шогирдларига чуқур таъзия изҳор этади.