2021 йил 10 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида биология (2 473 нафар) фанидан миллий сертификат учун тест синовлари ўтказилган эди. Катта мунозараларга сабаб бўлган мазкур тест натижалари бўйича ДТМ расмий баёнот берди
"Мазкур тест синови натижалари Давлат тест маркази томонидан ҳисобланиб, таҳлил қилинганда биология фанидан тест топширувчилар балларининг частота тақсимотида нормал тақсимотдан катта оғишлар мавжуд эканлиги аниқланди. Яъни биология фани бўйича тест натижалари таҳлили тестология мезонлари бузилганлигини, аниқроқ қилиб айтганда натижалар айрим ҳудудларда жуда юқори эканлигини кўрсатди.
Биология фани бўйича тест натижалари таҳлилига кўра тестология мезонлари бузилганлиги, талабгорларнинг биология фанидан мактабда олган ўртача баҳолари билан тест синовидаги натижалари ўртасида тафовутлар юқори эканлиги ҳамда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кўплаб эътирозларга сабаб бўлганлиги учун халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда 10 июнь куни биология фанидан миллий сертификат учун ўтказилган тест синови натижалари эълон қилинмаслигини маълум қиламиз.
Бунда 10 июнь куни биология фани бўйича тест синовида иштирок этган барча талабгорларнинг тўлови тўлиқ қайтарилади.
Уларга барча абитуриентлар каби олий таълим муассасаларига кириш тест синовларида мутахассислик фанларининг ҳар биридан 20 та тест топшириғи (миллий сертификат имтиҳонидаги 50 та тест топшириғи ўрнига) ва 1 соатдан вақт берилади", - дейилади расмий хабарда.






