АсосийJamiyat

"Йўл қўйилган камчиликлар сабаб бемор вафот этган". Тошкентда коронавирусдан даволашда стандартларга амал қилмаган шифохонанинг ушбу йўналишдаги фаолияти тўхтатилди

'"Йўл қўйилган камчиликлар сабаб бемор вафот этган". Тошкентда коронавирусдан даволашда стандартларга амал қилмаган шифохонанинг ушбу йўналишдаги фаолияти тўхтатилди'ning rasmi

“COVID-19” инфекциясини даволаш бўйича тегишли рухсат олган барча хусусий тиббиёт муассасалари ҳам шартномада кўрсатилган талабларга тўлиқ риоя қилаётгани йўқ.

Айрим хусусий тиббиёт муассасаларида коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш стандартига   зид равишда шифокорлар томонидан беморларга антибиотик,  гормон ва бошқа  дори воситаларини буюриш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ҳақда ССВ Ахборот хизмати хабар бермоқда. 

Натижада ушбу тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлар аҳволи янада оғирлашиб, ҳатто, уларнинг ўлимига ҳам сабаб бўлган.

— Бугунги кунда пойтахтимиздаги 25 та, вилоятлардаги 6 та хусусий шифохонага “COVID-19”га чалинган беморларни даволаш бўйича рухсат берилган, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Фарҳод РАҲИМҚУЛОВ. — Афсуски, сўнгги вақтларда тегишли тартибда рухсат олмаган айрим хусусий шифохоналар томонидан лаборатор (ПЗР) тасдиқланмаган пневмония касалликларини “бу коронавирус эмас” деган асос билан даволаш ҳолатлари кузатилмоқда.

Натижада етарли даражада жиҳозланмаган, билим ва савияга эга бўлмаган, санитария талабларига риоя этилмаган бундай шифохоналарда даволанаётган беморлар оғир асоратлар билан коронавирусни даволашга ихтисослашган давлат тиббиёт муассасаларига ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, “COVID-19” инфекциясига чалинган беморларни даволаш учун ихтиёрий шартнома имзолаган айрим хусусий шифохоналарда ҳам даволаш стандартларига амал қилмаслик оқибатида беморларнинг аҳволи янада оғирлашиб, бошқа тиббиёт муассасаларига ўтказилаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди.

Мисол учун, коронавирус касаллигини даволашга рухсат олган пойтахтимиздаги “ASIA SHINE HOSPITAL” хусусий шифохонасида ўтказилган мониторинг давомида бу ерда беморларга юритилган касаллик тарихлари тўлиқ ва сифатли тўлдирилмаганлиги, “COVID-19”га чалинган шахсларни даволаш бўйича стандарт талабларига тўлиқ риоя қилинмаганлиги, ташкилот “bemor.ssv.uz” электрон ахборот тизимига уланмаганлиги ҳамда коронавирус бўйича ҳисоботларни мунтазам равишда тақдим этмасдан келганлиги аниқланди. Натижада йўл қўйилган камчиликлар ушбу шифохонада даволанган бемор аҳволининг оғирлашишига, кейинчалик эса давлат тиббиёт муассасисида вафот этишига сабаб бўлган.  

Шу боис, ушбу хусусий муассаса билан Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси ўртасида коронавирусга чалинган беморларни даволаш бўйича 2021 йил 19 июлда имзоланган шартномани бир томонлама бекор қилиш бўйича қарор қабул қилинди.

Қолаверса, 10 августга қадар ушбу шифохонада коронавирус билан даволанаётган 16 нафар беморни бошқа шифохоналарга ўтказиш ҳамда мазкур санадан бошлаб бу йўналишда беморларни даволаш бўйича фаолиятини тўхтатишга мажбурий кўрсатма берилди.  

Шу билан бирга, ушбу даволаш муассасада йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан прокуратура органларига ҳам маълумот юборилади.

Вазирлик, юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, мулкчилик шаклидан қатъий назар “COVID-19” инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда белгиланган диагностика ва даволаш стандартларига амал қилиш лозимлигини яна бир бор эслатиб, ушбу даволаш муассасаларда назорат ишларини мунтазам олиб борилишини маълум қилади.

 

 

 

    Бошқа янгиликлар