Аввалроқ, Тошкентда 20 ёшли келинчак кўп қаватли уйнинг 9-қаватидан тушиб кетиб, ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
Бош прокуратура darakchi.uz га ушбу воқеага оид янги тавсилотларни маълум қилди.
Унга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиши натижасига кўра, 2021 йил 20 июлида ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Аммо марҳуманинг онасини ижтимоий тармоқларда қилган чиқишидан сўнг, мазкур қарор, тўпланган ҳужжатлар билан туман прокурори томонидан ўрганилиб, қўшимча терговга қадар текширув ўтказиш зарурати туғилганлиги сабабли 2021 йил 23 июлда бекор қилинган ва қўшимча текширувга қайтарилган. Бу ҳақда Бош прокуратура "Даракчи.уз"га маълум қилди.
Ҳозирда туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда. Текширув натижасига кўра, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, Суд тиббиёт экспертизасининг 2021 йил 21 июндаги 650-сонли дастлабки маълумотномасига кўра, Э.Озодованинг ўлими “Бош кўкрак чаноқ, қўл қўшма жароҳати, бош мия пардалари тўқималари қоринчаларига қон қуюлиши, юз пастки жағ суяклари синиши” натижасида содир бўлган.






