Facebook’да фойдаланувчи томонидан қолдирилган постда Қарши шаҳридаги вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказида оғир аҳволда ётган бемор Шарипова Наргизага етарли эътибор қаратилмаётганлиги маълум қилинган.
Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг хабарига кўра, мурожаат вилоят ҳокимлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси назоратига олиниб, мазкур бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Шавкат Мамадиев бошчилигидаги мутасаддилар томонидан ўрганилган.
Аниқланишича, бемор Наргиза Шарипова 1981 йилда туғилган, Қарши шаҳрида яшайди. Мазкур шифохонага шу йилнинг 28 июль куни коронавирус ташхиси билан келтирилган. Келган санасининг ўзида МСКТ текширувида иккала ўпкасида пневмония - 55 фоиз зарарланиш аниқланган. Шунингдек, унда семизликнинг II даражаси мавжуд.
Яқинларининг қайд этишича, касаллик белгилари шифохонага келтирилишидан бир ҳафта илгари пайдо бўлган. Бемор шу муддат давомида уйда даволанган.
Маълум қилинишича, беморда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган стандартлар асосида барча муолажалар етарли даражада олиб борилмоқда. Айни пайтда касаллик кечуви бўйича аҳволи оғир. ИВЛ ускунаси орқали кислородга уланган.
Бемор қўшимча мутахассислар кўригидан ўтказилиб, назоратни янада кучайтириш бўйича чоралар белгиланди.






