Ижтимоий тармоқларда Россиянинг Москва шаҳрида турли миллат вакиллари иштирокида этник оммавий муштлашув юз бергани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Шу муносабат билан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу давлатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан бундай оммавий муштлашувларда иштирок этмасликни, муаммоли ёки низоли вазиятларда ваколатли органлар ҳамда мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги дипломатик идораларига мурожаат қилишни, Россия қонунларига риоя этишни сўради.
Эслатиб ўтамиз, оммавий муштлашувларда иштирок этиш чет эл фуқаролари учун Россия қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортилиш ёки давлатдан мажбурий чиқариб юборишга олиб келиши мумкин.
"Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу муштлашувда ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг иштирокини ўрганиб, зарур ҳолатда юртдошларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколати доирасида барча чораларни кўради",–дейилади хабарда.






