Ихтисослаштирилган мактабларга қолдирилган тест синовлари ОТМ имтиҳонларидан кейин ўтказилиши маълум қилинди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби АОКА да бўлиб ўтган брифингда айтиб ўтди.
Унга кўра, жорий йил 29-30 июль кунлари ДТМ томонидан ўтказилган ихтисослаштирилган мактабларга қабул, саралаш танловлари натижалари эртага, 10 август куни соат 10:00дан кейин эълон қилинади.
Натижалар my.maktab.uz сайти ёки ҳужжат топширган ихтисослаштирилган мактаб маъмурияти орқали билиб олиш мумкин.
Саралаш танловидан муваффақиятли ўтганлар белгиланган квота доирасида баллар кетма-кетлиги асосида ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилинади.
"Эслатиб ўтамиз, вилоят марказларидан олисда жойлашган 17 та туман ва шаҳарда вақтинча қолдирилган тест синовлари ОТМга кириш имтиҳонлари якунланган сўнг бўлиб ўтади.", дейилади хабарда.






