Сўнги йилларда коронавирус пандемияси туфайли бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам озуқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги кузатилиб, баъзи маҳсулот турлари нархи кескин ошиб кетгани сир эмас.
Амалдорлардан бири айтгани каби Ўзбекистон аҳолиси "кўп гўшт ейди"
Шу жиҳатдан олиб қарасак, бугун чорвачилик, хусусан қорамолчилик соҳаси долзарб масала. Хўш бугун ўзбекистонлик фермерлар ўз чорвасини қандай озуқалантирмоқда. Бу йўналишда муаммолар борми? Шу каби саволлар билан Самарқанд ветеринария медицинаси институти Қорамолчилик, паррандачилик ва балиқчилик кафедраси мудири, Қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Aмиров Шавкат акага юзландик.
"Ҳозирда Қорамолчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида сигирларни силоссиз озиқлантиришнинг иложи йўқ. Чунки, аввало силос озуқаси сут ҳайдовчи ҳисобланади. Фермер хўжалиги раҳбарининг ҳам асосий мақсади шу аслида.
Иккинчидан қора молларга мунтазам равишда беда, пичан ёки омухта ем берилса, уларнинг таркибидаги протаин молни касал қилиши мумкин.
Шундан келиб чиқиб, Республиканинг исталган фермер хўжалигида кўриш мумкинки, албатта силос тайёрланади.
Силос тайёрлаш технологияси ҳақида гапирадиган бўлсак, бизни институтимизда алоҳида Қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини озиқлантириш кафедраси бор. Кафедрада қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини озиқлантириш, озуқаларини тайёрлаш ва истеъмолга тайёрлаш ҳақида мукаммал билим берилади.
Сўнги йилларда кўриш мумкинки, силосни аҳоли хонадонларида ҳам тайёрлаш амалиёти ортаяпти",–деди профессор.






