Депутат билан сайловчилар ўртасида яқин алоқани йўлга қўйиш мақсадида депутат ёрдамчиси институтини жорий этиш заруратини туғдирмоқда. Шу боис, Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.
“Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида депутатлар ушбу қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама қилдилар.
Таъкидлаш лозим, ушбу ташаббус “Миллий тикланиш” фракцияси томонидан илгари сурилган бўлиб, 2020 йилнинг январида бўлиб ўтган фракциянинг биринчи таъсис йиғилишида бу ҳақда маълум қилинган эди. Ўшанда фракция раҳбари Алишер Қодиров янги институт ҳақида гапириб, энди 36 нафар фракция аъзосининг ўз сайлов ҳудудида 36 нафар ёрдамчиси бўлишини ва улар Тошкентда ўтирган депутатларнинг жойлардаги “кўзи” ва “қулоғи” бўлишини таъкидлаган эди.
“Ходимнинг маълумоти аҳамиятсиз. Муҳими у халқ билан мулоқот қилишда, муаммоларни ҳал қилишда депутатга яқин кўмакчи бўлсин. Улар туманда кимнингдир хизматчиси бўлмайди. У фақат депутатга бўйсинувчи, унинг тавсияси билан ишга олиниб, ишдан бўшатилувчи кадр бўлади”, – деган эди фракция раҳбари.
Бугун ушбу ташаббус қўллаб-қувватланиб, бутун Қонунчилик палатасига жорий қилинмоқда ва шундан келиб чиқиб, “Сиёсий партиялар тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Яъни, депутат ёрдамчиси қўйиладиган талаблар, вазифалар, ишга қабул қилиш ва меҳнатига ҳақ тўлаш, улар томонидан амалга ошириладиган нормалар белгиланмоқда.
Унга кўра, депутат ёрдамчиси депутатнинг вакили сифатида сайлов округида доимий фаолият юритади ва у депутат билан яқин қариндош ва судланмаган бўлиши лозим. Унга ҳақ тўлаш сиёсий партия маблағи ҳисобидан амалга оширилади. У сайловчиларни Қонунчилик палатасидаги депутати фаолиятидан, ўз навбатида депутатни сайлов округида юз бераётган воқеалар, фуқаролар мурожаати, маҳаллий ижро ҳокимияти қарорларидан хабардор қилиб туради.
Фракция аъзолари янги институт депутатлар фаолияти самарадорлигини таъминлаши билан бирга одамлар оғирини енгил қилишдаги аҳамиятини эътиборга олиб ушбу қонун лойиҳасини маъқулладилар.






