Ижтимоий тармоқларда фуқаро А.Собировнинг сохта кредит қурбони бўлганлиги ҳақидаги мурожаати тарқалди.
Фарғона вилоят прокуратурасининг расмий баёнотига кўра, Қўқон шаҳридаги МЧЖ таъсисчиси Р.Н., раҳбари Ё.К.лар шаҳардаги банк филиалидан 23.09.2019 йилда 823-сонли шартнома асосида тикув дастгоҳлари сотиб олиш учун 800 млн. сўм имтиёзли кредит олиб, уни мақсадсиз сарфлаб, маблағларни талон-торож қилишган.
Шунингдек, Р.Н. ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари лавозимида ишлаб, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мансабдор шахслари билан ўзаро жиноий тил бириктириб, 111,5 млн. сўмлик субсидия маблағларини талон-торож қилган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов олиб борилган.
Терговда Р.Н.нинг юқоридаги жиноий хатти-ҳаракатлари ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 3-қисми билан малакаланиб, унинг вафоти муносабати билан жиноят ишининг унга нисбатан қисми 17.07.2021 йилда ЖПКнинг 84-моддаси 1-қисми 3-бандига асосан тугатилган.
Жамият раҳбари Ё.К. юқоридаги жуда кўп миқдордаги имтиёзли кредит маблағларини талон-торож қилганлиги сабабли 17.07.2021 йилда ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалари ҳамда аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори ўринбосари М.И., мутахассиси У.Ю.лар сохта ҳужжатлардан фойдаланиб, жамғарма маблағларини талон-торож қилганлиги учун ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “а, в, г” бандлари, 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида жалб этилган.
Тергов жараёнида мутахассислар иштирокида ўтказилган тафтишда жамиятга кредит маблағлари қонуний асосларда ажратилганлиги, шу жумладан дастлаб жамиятга кредит шартномаси бўйича тикув дастгоҳларини олиб келинганлиги аниқланган, шу туфайли жиноят ишининг банк мансабдор шахсларига нисбатан қисми уларнинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли 17.07.2021 йилда ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилган.
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланиб, мазмунан кўриб чиқиш учун 26.07.2021 йилда ЖИБ Қўқон шаҳар судига юборилган.
Терговда юқоридаги кредит таъминоти сифатида фуқаро А.Собировнинг Қўқон шаҳар, Мухсиний Лойихавий кўчаси, 9-, 11-уйларда жойлашган нотурар бино ва иншоотлари унинг розилиги асосида гаровга қўйилиб, гаров шартномасининг ҳақиқийлиги нотариал тасдиқланганлиги аниқланган.
Шу жумладан, А.Собиров 26.05.2021 йилда шаҳар прокуратурасига таклиф этилиб, гувоҳ тариқасида сўроқ қилинганда у бино-иншоотларини ўз хохшига кўра кредит таъминоти учун гаровга қўйганлиги, ҳужжатлари ўзи имзолаб берганлигини кўрсатган.
Кредит муддатида қайтарилмаганлиги туфайли фуқаролик иши бир неча маротаба суд инстанцияларида кўрилиб, ФИБ Қўқон туманлараро судининг 29.03.2021 йилдаги ҳал қилув қарори билан жамиятнинг кредитдан бўлган қарздорлигини ундириш А.Собировнинг бино-иншоотларига қаратилган ҳамда ҳал қилув қарори ФИБ вилоят судлов ҳайъатининг 27.07.2021 йилги ажрими билан ўз кучида қолдирилган.