Бу ҳақда darakchi.uz га хабар берган ФВВга кўра, жорий йил 5 август куни соат 18: 40 атрофида Учқўрғон тумани Ўрдабоғ маҳалласида яшаган 42-сонли мактабнинг 8-синф ўқувчиси А.Р. деҳқон бозоридан чиқиб, яқиндан оқиб ўтувчи Норин дарёсига чўмилгани тушган ва шундан сўнг бедарак йўқолган.
6 август куни боланинг ота-онаси ва яқинлари туман фавқулодда вазиятлар бошқармасига мурожаат қилган. Шундан бери ҳар куни 40 га яқин ғоввос Норин дарёсининг Учқўрғон туманидан бошлаб, Поп туманигача бўлган қисмидан болани излашмоқда.
Маълум қилинишича, сувга махсус тўр ҳам ташланган. Шунингдек, туман фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин қутқарувчилари томонидан сув устида қидирув ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистоннинг Наманган вилояти ҳудудидан оқиб ўтувчи Норин дарёсида чўмилиш қатъиян тақиқланади.






