Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича кенг жамоатчилик билан ўтказилган муҳокама натижалари ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Қарор билан 2021 йил 15 августдан бошлаб етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлашнинг қуйидаги тартиби ўрнатилмоқда:
- ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади. Бунда, мазкур тоифага кирувчи ногиронлиги бўлган болаларга квартиралар кўп қаватли уйларнинг учинчи қаватигача ажратилади;
- етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун квартиралар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан кўчмас мулкнинг бирламчи бозоридаги шаҳар ва туманларда қурилган кўп квартирали уй-жойлардан харид қилинади;
- тегишли туман (шаҳар)да кўчмас мулк бирламчи бозорида мазкур бандда назарда тутилган мезонларга мос келадиган квартиралар мавжуд бўлмаганда, ҳудудий “Халқпарвар” комиссиялари хулосасига асосан квартиралар кўчмас мулкнинг иккиламчи бозоридан тегишли мезонларга мувофиқ ҳолда харид қилинади;
- етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жойлар билан таъминлаш “онлайн-навбат” тизими асосида амалга оширилади, бунда мазкур навбатга ўзгартириш киритилишига ҳамда навбатидан олдин кейинги навбатдаги болаларга уй-жой ажратилишига йўл қўйилмайди;
- Халқ таълими вазирлиги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жой билан таъминланиши ҳолати ҳақидаги ҳар ойда янгиланадиган маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштириб боради.