“Спутник V” вакцинаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади (фото)
Маълумки ҳозирда бутун дунёда коронавирусга қарши вакциналарга эҳтиёж катта. Вакцина етказ...
Маълумки ҳозирда бутун дунёда коронавирусга қарши вакциналарга эҳтиёж катта. Вакцина етказиб берувчи мамлакатлар эса уларнинг барчасига зарур миқдордаги вакцинани тезкорлик билан етказиб беришга улгуролмаяпти. Бундай шароитда аҳолининг талаби ва ишлаб чиқариш шароитларини ҳисобга олган ҳолда жараённи тезлаштириш мақсадга мувофиқдир.
Шу мақсадда Ўзбекистондаги “Jurabek laboratories” қўшма корхонасида россиялик ҳамкорлар билан “Спутник V” вакцинасини қадоқлаш ва қуйиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ҳозирда корхона томонидан вакцинанинг илк партияси ишлаб чиқарилди ва сифат назоратидан ўтказиш учун Россия Федерациясининг Н.Ф.Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқот марказига жўнатилди. Марказ уларни ижобий дея тасдиқлади. Тез орада вакцинага бўлган эҳтиёж ўзимизда қопланади.
Куни кеча бир гуруҳ журналист ва блогерлар иштирокида АОКА ташаббуси билан Олмалиқ шаҳридаги “Jurabek laboratories” қўшма корхонасига пресс-тур ташкил этилди. Иштирокчилар корхонада “Спутник V” ҳамда ZF-UZ-VAС2001 вакциналарини ишлаб чиқариш учун яратилган техник имкониятлар билан танишишди. Корхонанинг ишлаб чиқариш бўйича директор ўринбосари Азиз Содиқов журналистларга муҳим маълумотларни тақдим этди.
– Юртимизда вакцинанинг дастлабки тайёрлаш жараёни 2 кун давом этди. Унда россиялик мутахассислар ҳам иштирок этиб, кузатиб боришди. Синов партияларининг барчаси тегишли лаборатория текширувларидан ўтказиш учун Россияга юборилган эди. Куни кеча текширув хулосалари олинди, улар текширувлардан муваффақиятли ўтибди. Эндиликда аҳолимизга«Спутник V» вакцинасини ўзимиз етказиб берамиз. Кейинги босқичда тижорий мақсадда ҳам ишлаб чиқаришимиз мумкин. Дастлабки босқичда бир ойда 2 млн дозадан 10 млн дозагача ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Маълумот учун:
“Жўрабек” хусусий корхонаси 1994 йилда дорихона сифатида иш бошлаган.
1996 йилда дорихона негизида Ҳиндистоннинг “Ace Laboratories Ltd” ҳамда БААнинг “Bravo Medical Equipment Trading. Est.” компаниялари билан ҳамкорликда “Jurabek Laboratories” қўшма корхонаси очилган.
1999 йилда капсулали препаратларни ишлаб чиқарувчи цех фаолияти йўлга қўйилди.
2001 йилда Польшанинг «Polfa Grodzinsk» компанияси билан ҳамкорликда таблеткали препаратлар ишлаб чиқарила бошлади.
2004 йилда цефалоспорин қаторидаги антибиотиклар ишлаб чиқариш цехи фаолияти йўлга қўйилди.
2006 йилда “Jurabek Laboratories” компаниясида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш маҳаллийлаштириш дастурига киришилди.
2007 йилда “Jurabek Laboratories” “Энг яхши ишлаб чиқариш корхонаси” деган мақомга эга бўлди.
“Jurabek Laboratories” маҳсулотлари жаҳон стандартларига мослиги SO 9001 ва ISO 13485 сертификатлари, шунингдек ишлаб чиқариш шароитлари Европанинг 2003/94/ЕИ директивасига мослиги (EU-GMP) сертификатлари билан тасдиқланган.