АсосийJinoyat

Жиззахда қалбаки малака сертификати билан давлат бюджетига зарар келтирган шифокорларнинг сирлари очилди

'Жиззахда қалбаки малака сертификати билан давлат бюджетига зарар келтирган шифокорларнинг сирлари очилди'ning rasmi

Барно А. ўн тўрт йилдан буён Жиззаҳ шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 4 сонли оилавий поликлиникада болалар шифокори вазифасида ишлаб келади. Ўз касбининг мохир билимдони, қўли енгилллиги сабабли, одатда ота-оналар бетоб фарзандларини Барнохонга кўрсатишар, у белгилаб берган муолажаларни қилишади. Шу сабабли ҳам у нафақат поликлиника ҳудудида, балки бутун шаҳар бўйлаб ҳурматга сазовор шифокорлардан бири.

Барно А. 2018 йил декабрь ойида шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги низомга асосан Тошкент врачлар малакасини ошириш институтига ўқишга юборилади. Аммо у белгиланган тартибда аттестациядан ўтмасдан моддий манфатдор бўлиш мақсадида “Баҳром” исмли шахс билан танишиб, ўзаро тил бириктиради. Баҳром унга муайян ҳуқуқ берадиган расмий ҳужжат ҳисобланган малака тоифасини белгилаш ҳақидаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг гўёки 2018 йил 1 декабрь куни 569-сонли буйруғига асосан  олий малака тоифаси берилганлиги ҳақидаги қалбаки сертификатни тақдим этади. 

                                “200 ДОЛЛАР БЕРИНГ, ҲАММАСИ ҲАЛ БЎЛАДИ”

Ўқиш бошланган дастлабки кунларида муассаса ҳовлисида қисқа муддатли учрашувдан сўнг Баҳром “Агарда 200 АҚШ долларидан берсангизлар, сертификатни ҳеч қандай муаммосиз олиб уйга қайтишларингиз мумкин” деган таклифни беради. Арзимаган пул билан иши осон битганидан хурсанд бўлган Барно Баҳромга айтилган суммани бериб, шу куннинг ўзидаёқ уйига қайтади. 

       Барно А. , судланувчи:

- Бир неча кундан сўнг бегона рақамдан қўнғироқ бўлиб, таксидан тоифа сертификатини юбораётганлигини айтишди. Жўнатмани қабул қилиб олдим ва унинг нусхасини бош ҳисобчимизга топширдим. Шундан кейин маошимга қанчадир сумма қўшилиб, ойлигим ошди. 2020 йилнинг охирларида мени прокуратура ходимлари чақириб, малака тоифасини белгиловчи сертификатим қалбаки эканлигини билдиришди. Аввалига ишонмадим. Кейин алданганлигимни тушуниб етдим. Қилмишимдан пушаймонман.

                             СИРЛАР ОЧИЛИШИГА НИМА САБАБ БЎЛДИ?

Маълум бўлишича, 2020 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус кўрсатма хатига асосан Жиззах вилояти ички аудит ва молиявий назорат хизмати Жиззах шаҳар тиббиёт бирлашмасида 2015 йилнинг1 январидан 2020 йилнинг 1 сентябрига қадар аттестациядан ўтган врачларга малака тоифа сертификатлари берилишининг ҳаққонийлиги юзасидан ўрганишлар олиб борилган. Ўрганиш давомида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 1 декабрдаги буйруғи билан Барно А.га олий тоифаси учун берилган малака сертификати нусхаси буйруқ иловасида қайд қилинган сертификатлар билан таққосланганда бошқа шифокорга тегишли эканлиги аниқланган. Бундан ташқари ўрганиш якуний натижаларига кўра, шаҳар тиббиёт бирлашмаси акушерлик комплекси врач терапевти Гўзал Ш, 2-оилавий поликлиника стоматологи Дилноза П. ҳамда кўп тармоқли марказий поликлиника офтольмологи Манзура Д.ларнинг ҳам малака сертификатлари қалбаки эканлиги аниқланган. Натижада уларга ортиқча иш ҳақи маблағлари тўлаб юборилган.

                                СУД ҲУКМИ ҚАНДАЙ БЎЛДИ?

Алишер ҲАЙДАРОВ,
 Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судьяси:

- Ишни кўриб чиқиш жараёнида судланувчилар юқорида қайд этилган жиноий ҳаракатлари учун айбланувчилар Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш) ҳамда 228-моддаси 2-қисми “б” бандида (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Манзура Д. ўн икки миллион бир юз саккиз минг, Барно А. ўн икки миллион саккиз юз эллик беш минг беш юз, Гўзал Ш. етти миллион уч юз ўн олти минг ҳамда Дилноза П. тўрт миллион уч юз қирқ тўққиз минг икки юз йигирма саккиз сўм пулларни етказилган моддий зарарни қоплаш мақсадида вилоят ички ишлар бошқармаси депозит ҳисоб рақамига топширишган. 

Бироқ улар айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, яшаш жойидан ижобий тавсифланиши, оилавий аҳволи, аёллиги, вояга етмаган фарзандлари борлиги, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, унинг содир этган жинояти унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига киришлиги инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 70-моддасига асосан жазодан озод қилинди.

                                                                                                                                      Умиджон МАМАРАСУЛОВ

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар