Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Украинадаги вакили Хумоюнмирзо Охунжонов Президент имзолаган қарор билан ташкил этилган «Ватандошлар» жамоат фондининг мақсад ва вазифалари ҳақидаги фикрларини ўртоқлашди.
- Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан хориждаги ватандошлар билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган янги жамоат фонди чет давлатларда яшаётган ўзбекистонликлар билан ишлашнинг янги тизимини жорий этади,- деди Хумоюнмирзо Охунжонов. – Фондни ташкил этиш бўйича эълон қилинган қарорда хорижда бўлган юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини халқаро ҳуқуқ меъёрларига амал қилган ҳолда ҳимоя қилиш, Ўзбекистоннинг бой илмий, маданий-маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш, ватандошлар томонидан ташкил этилган жамоат бирлашмалари фаолиятини рағбатлантириш, хорижда ўзбек миллий-маданий марказларини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш, Ўзбекистонда тадбиркорлик ва сармоявий фаолиятга кўмаклашиш сингари вазифалар белгиланган.
Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, инсон омилининг юқори даражага кўтарилганлиги, жумладан, ушбу фонднинг ташкил этилиши ҳам ватандошларимизни Она юрт атрофида янада жипслаштиришга, миллий ўзликни сақлаб қолишга хизмат қилади. Мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсати бутун дунёда ўз эътирофини топмоқда.
Яратилаётган барча имкониятлар ва шароитлардан оқилона фойдаланиш, Ватанга содиқ фарзанд бўлиш, Президентимиз ишончини оқлаш биз ёшлар учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни мамлакатмиз мустақиллигининг тобора яқинлашиб келаётган 30 йиллик байрами билан Украинадаги барча ватандошлар номидан қутлайман.






