Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни Комиссия Раиси З.Низомхўжаев олиб борди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг шахсий таркибини тасдиқлаш, сиёсий партияларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишига ижозат бериш ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
– Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча ишлар Сайлов кодексига қатъий риоя қилинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режасига мувофиқ амалга оширилмоқда, – деди МСК Раиси З.Низомхўжаев.
Мамлакатимиз сайлов қонунчилигига мувофиқ, округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан сайлов округлари тузилганидан сўнг уч кун ичида Марказий сайлов комиссиясига тавсия этилди. Сайлов кодексида округ сайлов комиссияси аъзолари сони 21 нафаргача бўлиши белгиланган.
Сайлов кодексининг 21-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва комиссиянинг саккиз нафардан — ўн саккиз нафаргача бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилиши лозим.
Йиғилишда барча округ сайлов комиссияларига тавсия этилган номзодлар ўрганиб чиқилиб, тасдиқланди.
Марказий сайлов комиссияси котибият раҳбари Худоёр Маматовнинг қайд этишича, айни пайтда 14 та сайлов округидаги сайлов комиссияси аъзолари сони 266 нафарни, улардан 104 нафарини аёллар (39 фоиз), 14 нафарини ногиронлиги бор шахслар (5 фоиз) ташкил этмоқда. Мутахассислиги бўйича олганда, 32 нафари ҳуқуқшунос, 21 нафари шифокор, 26 нафари муҳандис, 90 нафари педагог, 41 нафари иқтисодчи, 11 нафари журналист ва 45 нафари бошқа соҳа вакилларидан иборат. Бу йилги Президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари таркибида 31 ёшгача бўлган 23 нафар йигит-қиз бор. 41 ёшгача бўлган навқирон авлод вакиллари эса 77 нафарни ташкил этади.
Округ сайлов комиссиялари зиммасига – ўз ҳудудларида Сайлов кодексининг ижроси устидан назоратни амалга ошириш, сайлов участкаларини тузиш, уларнинг тартиб рақамини белгилаш ва манзилини кўрсатган ҳолда рўйхатини эълон қилиш, участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, сайлов участкаларининг жойлашган ери ҳақида сайловчиларни хабардор қилиш, участка сайлов комиссияларини тузиш, таркибини тасдиқлаш ва бу ҳақдаги маълумотларни эълон қилиш, номзодларга сайлов кампаниясида иштирок этиш учун тенг шароитларни таъминлаш каби вазифалар юклатилган.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16, 63-моддаларига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Экология партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишга ижозат беришни сўраб тақдим қилган ҳужжатларини кўриб чиқиб, мазкур партияларга 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши учун ижозат берди.
Энди сиёсий партиялар Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни илтимос қилиб ариза билан мурожаат қила олади.
Бунда улар томонидан сиёсий партия юқори органининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори, сиёсий партия юқори органи мажлисининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими, иш ва яшаш жойи, партиявийлиги кўрсатилган баённомаси, номзоднинг ўз номзоди овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси, номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари ҳам топширилади. Мазкур имзо варақаларида Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилари умумий сонининг камида бир фоизининг имзоси бўлиши керак.
Мажлисда шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакилларининг аккредитацияси тўғрисидаги қарор лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Айтиш жоизки, Марказий сайлов комиссияси оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик, сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалаларига доимо алоҳида эътибор қаратиб келади. Сайловлар даврида журналистларга ўз фаолиятларини амалга ошириши учун янада қулай шароитларни яратиш мақсадида уларни аккредитациядан ўтказиш давом этмоқда.
Ҳозирги пайтда Марказий сайлов комиссиясига аккредитациядан ўтказишни сўраб кўплаб оммавий ахборот воситаларидан мурожаатлар келмоқда. Шу кунгача 700 нафардан зиёд ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтказилди.
Мажлис сўнгида кун тартибига киритилган масалалар юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Шу куннинг ўзида мазкур сиёсий партияларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишга ижозат бериш тўғрисидаги гувоҳномалар ҳамда белгиланган миқдорда имзо варақаларининг бланкалари топширилди. Шу билан бирга, аккредитациядан ўтган журналистларга ҳам тегишли тартибдаги гувоҳномалар берилди.






