ФВВ ахборот хизмати раҳбари ўринбосари АОКАда бўлиб ўтаётган брифингда сув ҳавзаларига тушганда қайси жиҳатларга аҳамият бериш кераклиги ҳақидаги саволларга жавоб берди. Унга кўра, совуқ сувда чўмилиш қўл-оёқ томирларининг тортилишига, оқибатда эса чўкиб кетишга олиб келади
"Чўкиш билан боғлиқ ҳодисаларнинг юз бермаслиги учун авваламбор чўмилиш қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим. Сув ҳавзаларида тақиқланган жойларда чўмилиш, нотаниш жойларда сувга шўнғиш, чўмилиш вақтида болаларни қаровсиз қолдириш, совуқ сувга тасодифан тушган инсон чўкиб кетиши мумкинлигини унутмаслик керак;
Қорин оч бўлганда, чарчаганда, чанқаганда, яқинда беморликдан турганда, спиртли ичимлик истеъмол қилинганда, ёлғиз бўлганда ва офтоб уриш ҳолларида чўмилиш мақсадга мувофиқ эмас;
Агар сув ҳавзасининг чуқурлиги, ҳолати номаълум бўлса, бундай жойларда чўмилмаслик керак;
Сузишни яхши билмайдиган, жисмоний жиҳатдан қувватсиз жароҳатланган инсонларнинг сувга тушишлари қатъиян тақиқланади;
Сунъий сузиш ҳавзаларида чўмилишдан олдин сузишга борувчилар зарурий кўрсатмаларга амал қилиши ва албатта махсус кийим (резина шляпа, чўмилиш кийими, резина оёқ кийим, кўзойнак)лардан фойдаланилиши лозим.
Сув ҳавзасига тушганда қуйидаги жиҳатларга эътиборли бўлинг:
- Бассейнларнинг кафеллари сирпанчиқ бўлса, бу сувнинг эскирганлигидан далолат, бундай ҳавзаларда сув ҳар уч кунда алмаштирилиб борилиши лозим;
- Ота – оналар ўз фарзандларини асло катталар учун мўлжалланган сув ҳавзаларида чўмилтирмаслиги лозим;
- Совуқ сувда чўмилиш қўл ва оёқ томирларининг тортилишига олиб келиши мумкин.", дейилади хабарда.






