Оқ уй сайтида Президент Жо Байденнинг Афғонистондаги беқарор вазият бўйича баёноти эълон қилинди.
Сўнгги бир неча кун мобайнида, миллий хавфсизлик гуруҳи билан яқин алоқадаман ва уларга Афғонистондаги ҳарбий миссиямизни тугатар чоғимизда ўз манфаатларимиз ва қадриятларимизни ҳимоя қилиш бўйича кўрсатмалар бердим”, дейди Байден.
Биринчи. Президент дипломатик, ҳарбий ва разведка гуруҳларининг тавсияларига асосланиб, АҚШ ходимлари ва бошқа иттифоқчиларнинг ходимларини, миссияси давомида АҚШ қўшинларига ёрдам берган афғонларни ва “Толибон” хавфи остида бўлганларни тартибли ва хавфсиз тарзда эвакуация қилиш учун 5000 нафар АҚШ аскарларини Афғонистонга юборишга рухсат берган.
Иккинчи. Қуролли Кучлар ва разведка гуруҳига Афғонистондан бўлиши мумкин бўлган террор таҳдидларига қарши курашиш салоҳияти ва хушёрлигини оширишни буюрган.
Учинчи. Давлат котибига Президент Ғани ва Афғонистоннинг бошқа раҳбарларини қон тўкилишининг олдини олиш ва сиёсий йўл билан ҳал этиш йўлидаги сайи-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга кўрсатма берган. Котиб Блинкен минтақавий манфаатдор томонлар билан ҳам мулоқотда бўлади.
Тўртинчи. Доҳадаги “Толибон” вакилларига, АҚШ қўмондони орқали Афғонистонда АҚШ вакиллари ёки АҚШ миссиясини хавф остига қўядиган ҳар қандай ҳаракатга АҚШ армияси тезкор ва кучли жавоб қайтариши етказилган.
Бешинчи. Элчи Трейси Жейкобсон Афғонистондан махсус иммиграцион визага мурожаат этувчилар ва бошқа афғон иттифоқчилари масалаларини кўриб чиқиш, уларни ташиш ва бошқа жойга кўчириш бўйича бутун ҳукумат ҳаракатига масъул қилиб тайинланди.
“Биз хавф остида қолган жасур афғон эркак ва аёлларига қалбан ҳамдардлик билдирамиз. Миссиямизга ёрдам берган минглаб одамларни ва уларнинг оилаларини эвакуация қилиш устида ишламоқдамиз”, дейди Байден.