Президент матбуот котиби томонидан 16 августда ўтказилган брифингда Шавкат Мирзиёевнинг бу ҳафтада режалаштирган ишлари ҳақида хабар берилди. Бу ҳақда мухбиримиз маълум қилди.
Унга кўра, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарини трансформация қилиш, ўқув-тарбия жараёнлари сифатини ошириш, ер ҳисобини юритиш соҳасидаги ишлар натижадорлиги юзасидан тақдимотлар ўтказилиши мўлжалланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг тадбиркорлар билан “очиқ мулоқоти”га фаол тайёргарлик кўрилмоқда.
Маълум қилинишича, халқимиз учун қизиқарли яна бир анонс: 17 август куни “Янги Ўзбекистон” газетасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг интервьюси чоп этилади.
" – Газета бош муҳаррири Салим Дониёров билан бўлган ушбу суҳбатда Ўзбекистоннинг охирги 5 йилликдаги ривожланиш йўли, ички ва ташқи сиёсати, ҳозирги кундаги устувор вазифалар ҳақидаги сўз боради. Ишончим комилки, бу суҳбат кенг қамровлилиги, фактларга бойлиги ва дастурий аҳамиятга эгалиги билан барча ватандошларимизда, шунингдек, хорижий экспертларда катта қизиқиш уйғотади", – дейди Президент матбуот котиби.






