Ҳаво сифатини мониторинг қилувчи янги геопортал ва мобил илова яратилди. Бу ҳақда АОКАда Гидрометеорология маркази раҳбарлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида эълон қилинди.
Унга кўра, аҳоли яшаш пунктларда ҳаво сифатини мониторинг қилиш ҳамда гидрометеорологик маълумотларни визуаллаштириш бўйича янги monitoring.meteo.uz геопортали яратилган, шунингдек мобил иловаси ҳам ишга туширилган.
MODIS ускунасининг модернизация қилиниши натижасида кунига 4 марта республиканинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида қор қоплами баландлигини ўлчаш орқали сув миқдори ҳисобини юритиш ва қишлоқ хўжалиги экинларининг вегетация индекси зичлигини аниқлашга эришилган.
Гидрометеорология фаолиятида сунъий йўлдош ва ерни масофадан зондлаш технологияларидан фойдаланиш, шунингдек, гидрометеорологик маълумотлар билан алмашиш учун маълумотлар узатишнинг ягона телекоммуникация тармоғини яратиш бўйича дастур тасдиқланган.






