АсосийJamiyat

Сўнгги 3 йилда хирургик даволашнинг 80 дан ортиқ янги усуллари қўлланилди

'Сўнгги 3 йилда хирургик даволашнинг 80 дан ортиқ янги усуллари қўлланилди'ning rasmi

Мамлакатимизда cўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини, хусусан, ихтисослаштирилган хирургия хизматини такомиллаштириш борасида Ўзбекистоннинг тиббий, ижтимоий, иқтисодий шароитларини ҳисобга олган ҳолда қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш шартларига қатъий риоя қилиш тамойиллари ишлаб чиқилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати бу ҳақда маълумот берди.

Жарроҳлик хизматининг бутун тузилиши ҳақида гапирганда, бугунги кунда бу соҳада кўрсатилаётган ёрдам сифати сезиларли даражада яхшиланганлигини кўриш мумкин. Хусусан, қишлоқ врачлик пунктларининг зарур жиҳозлар билан таъминланган тармоғи бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган. Ҳозирги кунда барча вилоят ва шаҳар шифохоналарини янги жарроҳлик технологиялари билан таъминлаш, аҳолига умумий жарроҳлик патологиясининг бутун тармоғини қамраб олган юқори малакали жарроҳлик ёрдамини кўрсатиш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда.

Республика даражасидаги хирургия хизматининг изчил ривожланиши ҳозирги вақтда аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.

Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази мамлакатимиз жарроҳлик хизматининг етакчиларидан ҳисобланиб, бугунги кунда қорин бўшлиғи, кўкрак қафаси ва юрак жарроҳлиги каби қатор ихтисосликларда энг мураккаб юқори малакали жарроҳлик амалиётларини марказ базасида амалга оширмоқда.  

Сўнгги уч йил мобайнида марказда хирургик даволашнинг 80 дан ортиқ янги усуллари жорий этилди.  

Ҳозирда марказ бўлимларида  йилига 7000 нафарга яқин беморга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилади.  

5500 дан ортиқ мураккаб даражадаги операциялар бажарилади, шундан 40-45 фоизи юрак операциялари ҳисобланади. Бундай мураккаб турдаги тиббий амалиётларни амалга оширадиган муассасалар минтақамизда кам топилади.

Бугунга келиб ушбу марказда 844 нафар ходим фаолият юритиб, улардан 178 нафари шифокор мутахассислардир. Уларнинг 32 нафар фан доктори, 42 нафар фан номзоди даражасига эга малакали мутахассислар экани ҳам Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг илмий салоҳиятини намоён қилади.  

 

    Бошқа янгиликлар