Афғонистондаги инқироз сабабли Ўзбекистон ва Покистоннинг халқаро облигациялари босим остида қолди, деб ёзди Financial Times.
Фондлар бошқарувчиларининг сўзларига кўра, Афғонистондан қочқинларнинг эҳтимолий чиқиб кетиши қўшни давлатларда молиявий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Бундан ташқари, Покистонга толиблар билан ҳамкорлик сабабли расмий ва норасмий санкциялар жорий этилиши хавфи тилга олинмоқда.
Покистоннинг доллардаги облигациялари нархи тахминан 1 фоизга пастлади. Айни пайтда Покистонда 8,8 млрд доллар номиналидаги тўққизта еврооблигациялар пакети мавжуд.
Ўзбекистоннинг 2030 йилда қайтариладиган доллардаги облигациялари нархи тахминан 0,25 фоизга арзонлашди. Мамлакат 2020 йилнинг ноябрида 2030 йилда қайтариш муддати билан 555 млн долларлик евробондларни чиқарган эди.






