АсосийJamiyat

Ўзбекистон делегацияси МДҲнинг ягона электрон платформасини яратиш бўйича лойиҳа муҳокамасида қатнашди

'Ўзбекистон делегацияси МДҲнинг ягона электрон платформасини яратиш бўйича лойиҳа муҳокамасида қатнашди'ning rasmi

Жорий йилнинг 17 август куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги раислигида видеоконференция шаклида ахборот алмашиш учун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Ягона электрон платформасини яратиш бўйича Концепция лойиҳасини келишиш бўйича экспертлар гуруҳининг(1-чи) йиғилиш бўлиб ўтган эди. 

Тадбир МДҲ Ижроия қўмитаси томонидан ташкил этилган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралари экспертлари билан бир қаторда Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикалари, Россия Федерацияси, шунингдек МДҲ Ижроия қўмитаси ва тармоқ ҳамкорлиги органларининг ваколатли вакиллари ва экспертлари иштирок этишган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар беради. 

Хабарга кўра, йиғилиш чоғида томонлар концепция лойиҳаси матни юзасидан фикр алмашиб, ўз таклифларини тақдим этган. Лойиҳа эса улар томонидан қўллаб-қувватланган.

"Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан МДҲ Давлат раҳбарлари Саммити давомида ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасида координацияни кучайтириш ва ҳуқуқий ахборот алмашиш учун Ягона электрон платформани яратиш ташаббуси илгари сурилди. 

Давлатимиз раҳбарининг мазкур ташаббусини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан алоқадор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ахборот алмашиш учун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Ягона электрон платформасини  яратиш бўйича Концепция лойиҳаси тайёрланиб, янада такомиллаштириш учун МДҲ Ижроия қўмитасига юборилди. ", дейилади хабарда.

Бошқа янгиликлар