Бир йил ичида коррупцион ҳолатларга оид 34 та жиноят иши қўзғатилган, шундан 26 таси — бюджет маблағлари билан боғлиқ.
Бу ҳақда бугун АОКАда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Унга кўра, ўтган бир йил давомида республика вилоятларида ўтказилган ўрганиш тадбирларида тўпланган хужжатлар асосида хуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жами 34 та жиноят иши қўзғатилиши таъминланган.
Жиноят ишларининг 26 таси — бюджет маблағларини талон-тарож қилиш, 3 таси — ҳужжатларни қалбакилаштириш, 2 таси — мансаб ваколатини суистеъмол қилиш, 1 таси — солиқ тўлашдан бўйин товлаш, 2 таси — фирибгарлик ва фирибгарлик йўли билан пора олиш жиноятлари ташкил қилган.
Ушбу жиноятлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинса:
- Самарқанд вилоятида — 8 та;
- Андижон вилоятида — 6 та;
- Тошкент шаҳрида — 6 та;
- Жиззах вилоятида — 4 та;
- Наманган вилоятида — 3 та;
- Қорақалпоғистон Республикасида — 3 та;
- Тошкент вилоятида — 2 та;
- Қашқадарё вилоятида — 1 та;
- Навоий вилоятида — 1 та жиноят содир этилган.
Мазкур жиноятларнинг 4 таси — республика, 10 таси — вилоят, 20 таси — туман-шаҳар ташкилотлари ҳисобига тўғри келган.