АсосийJamiyat

Ўзбекистонда ходимларини энг кўп мажбурий меҳнатга жалб этадиган соҳалар маълум қилинди

'Ўзбекистонда ходимларини энг кўп мажбурий меҳнатга жалб этадиган соҳалар маълум қилинди'ning rasmi

2021 йил 18 август куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. 

Йиғилишда қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида соҳада миллий қонунчилик асосларини такомиллаштириш жараёни изчил давом эттирилди. Хусусан, 2 та Қонун, Президент Фармони ва Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилди. Халқаро меҳнат ташкилотининг “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисида”ги Конвенцияси (Женева, 2006 йил 15 июнь) ратификация қилинди. Ўзбекистонда илк маротаба одам савдосидан жабрланган ёки одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни миллий даражада қайта йўналтириш тизими жорий қилинди.

Йиғилишда одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам кўрсатиш, уларни реабилитация қилиш, шунингдек, хориждаги фуқароларимиз манфаатларини ҳимоялаш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Одам савдосидан жабрланган, узоқ муддат хорижда бўлиб қайтган ва депортация қилинган аёлларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилгани таъкидланди.

Эътиборли жиҳати, мамлакатимизда одам савдоси, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро миграция ташкилоти, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Европа Иттифоқи, АҚШ Давлат департаменти, Меҳнат вазирлиги ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни муносиб баҳоламоқда. 

Тадбирда АҚШ Давлат департаментининг йиллик ҳисоботидаги тавсияларни амалиётга татбиқ этиш масалалари ҳам муҳокама қилиниб, бу борада тегишли “Йўл харитаси” ишлаб чиқишга келишилди.

Шунингдек, йиғилишда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича ўз ечимини кутаётган масалаларга эътибор қаратилди. Айрим маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, вазирлик ва идораларнинг қуйи тузилмалари раҳбарлари томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари ҳали ҳамон кузатилаётгани танқид қилинди.

Мисол учун, ҳисобот даврида Меҳнат инспекцияси томонидан жойларда ходимларни ўз функционал вазифасига кирмайдиган ишларга жалб этиш бўйича 41 та ҳолат аниқланган. Соҳалар кесимида айтганда, мажбурий меҳнат ҳолатларининг аксарияти халқ таълими, банк-молия, тиббиёт, транспорт ва ободонлаштириш тармоқларида учрамоқда.

Йиғилишда жорий йилги пахта йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, меҳнат муносабатларини тўғри расмийлаштириш, теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар