АсосийDunyo

“Толибон” Афғонистонни Амирлик деб эълон қилди

'“Толибон” Афғонистонни Амирлик деб эълон қилди'ning rasmi

Бугун, 19 август куни Афғонистон мустақиллиги эълон қилинганига 102 йил тўлди. Айнан шу санада, “Толибон” Афғонистон Мустақиллик куни муносабати билан декларация эълон қилди. Бу ҳақда “Толибон” ҳаракатининг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид ўзининг Twitter’даги саҳифасида маълум қилган.

Забиҳуллоҳ Мужоҳид ўз аккаунтига “Мамлакатнинг Британия империяси мустамлакасидан озод бўлганининг 102 йиллиги муносабати билан Афғонистон Ислом Амирлигининг декларацияси” деб ёзилган ҳужжатнинг ҳаволасини жойлаштирган. Бу толиблар Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олганидан кейин қабул қилган илк расмий ҳужжат.

“Афғонлар ўз мамлакати бугун Америка истилосидан мустақил бўлиш арафасида эканидан жуда мамнун. Бу барча афғонлар миннатдор бўлишлари керак бўлган илоҳий неъматдир. Биз мамлакатимизда бирдамлик ва самимийлик билан исломий тизим манфаатлари йўлида ишлашимиз керак. Шунингдек, бу қайта қуриш ва давлатнинг гуллаб-яшнаши учун ҳам хизмат қилиши керак.

Бундан 102 йил олдин, афғон мужоҳидлари [озодлик курашчилари] саксон йиллик қаршилик натижасида Британия мустамлакачилигидан мустақилликка эришдилар. Британия империясининг афғон мужоҳидлари қўлидан қулаши асрнинг энг буюк ҳодисаси, деб ҳисобланди ва дунёнинг бошқа кўплаб халқлари мустамлакачилик кишанидан қутқарилди”, дейилади ҳужжатда.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар