2021 йилнинг олти ойи давомида юртимиз аҳолиси томонидан “103” хизматига бўлган жами мурожаатлар сони 5 миллион 412 минг 806 тани ташкил этди.
Энг кўп мурожаат Фарғона (701 838 та) ва Андижон вилояти (638 640 та) ҳамда Тошкент шаҳри(514 409)да қайд этилди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ўтган йилнинг айни шу даврида юртдошларимиздан тез тиббий ёрдам хизматига 5 миллион 362 минг 524 та чақириқ келиб тушган эди.
Шунингдек, жорий йил июль ойида республика бўйича “103” хизматига бўлган жами мурожаатлар сони 1 миллион 343 минг 666 тани ташкил этиб, энг кўп чақириқ Фарғона, Андижон, Наманган, Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда пойтахтда қайд этилди.
Қолаверса, июль ойида 28 минг 48 та мурожаат “тез ёрдам” ходимлари томонидан натижасиз чақириқлар, деб баҳоланди. Бу “103” хизматига ёлғон чақириқ, улар келишини кутмай йўловчи транспортда олиб кетилгани, манзил топилмагани, тез тиббий ёрдам рад этилган каби қатор вазиятлар билан боғлиқ.
Эътиборлиси, олиб борилган тарғибот ишлари натижасида жорий йил “103” хизматига ёлғон қўнғироқлар келиши бироз камайишига ҳам эришилди. Жумладан, 2021 йилнинг иккинчи чорагида “тез ёрдам”га 2907 та ёлғон чақириқ келиб тушиб, бу рақам ўтган йилнинг айни шу даврида 4658 тани ташкил қилган эди.