2009-2010 ўқув йилида ўртача ҳар бир мактабда 501 нафар ўқувчи ўқиган бўлса, 2019-2020 ўқув йилига келиб ўртача ҳар бир мактабда 616 нафар ўқувчи таълим олган. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги маълум қилди.
Хабарга кўра, Ўзбекистон Республикасининг 2000 йилдан 2021 йилгача аҳоли сони ўсиши таҳлил қилинган бўлиб, 2021 йилда 2000 йилга нисбатан яъни 20 йилда 29,15 фоизга, 2010 йилга нисбатан 2021 йилда 19,00 фоизга яъни ўн йил давомида аҳоли сони 6557,2 минг кишига, йилига ўртача 655,72 минг кишига ошгани ўрганилган.
Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиқиб, 2009-2010 ўқув йили бошига 9772 та мактабда 4892827 нафар ўқувчи таълим олган бўлса, 2019-2020 ўқув-йили бошига эса 9942 та мактабда 6119440 нафар ўқувчи таълим олган, 2019-2020 ўқув йилида 2009-2010 ўқув йилига нисбатан ўқувчилар сони 20,1 фоизга (1226613 ўқувчига) ошган, мактаблар сони эса 2019-2020 ўқув йилида 2009-2010 ўқув йилига нисбатан яъни 10 йилда 1,71 фоизга (170 та) ошган.
Хулоса қилиб айтиш мумкин-ки, ўн йил давомида Ўзбекистонда ўртача 20 фоизга аҳоли сони ошиб борса, 2031 йилга келиб Ўзбекистон Республикасида аҳоли сони 41470,32 мингдан ошиб кетиши прогноз қилинмоқда.
Шунингдек, 2009-2010 ўқув йилида ўртача ҳар бир мактабда 501 нафар ўқувчи ўқиган бўлса, 2019-2020 ўқув йилида эса ўртача ҳар бир мактабда 616 нафар ўқувчи таълим олган. 2016-2017 ўқув йилидан бошлаб, таълим тизимида олиб борилаётган ўзгаришлар натижасида, бир йилда ҳар бир мактабга қўшимча равишда ўртача 110 нафар ўқувчи қабул қилишига тўғри келмоқда.
Мактабларда ўқувчиларни қабул қилиш сиғими, ҳар бир синфдаги ўқувчилар сони меъёри, мактабларнинг моддий-техника базаси таъминоти ва ҳолати, ўтиладиган фанларни малакали мутахассис ўқитувчилар билан қамраб олинганлиги, асосий ва қўшимча ўқув адабиётлари билан таъминланганлиги каби долзарб масалаларга ҳукуматимиз томонидан охирги 3-4 йилда алоҳида эътибор қаратилмоқда.






