АсосийJamiyat

“Ёзда чанг, қишда лой йўлларга яна қанча чидаш керак?” Ҳақли эътирозларга сабаб бўлган яна бир масалага ойдинлик киритдик...

'“Ёзда чанг, қишда лой йўлларга яна қанча чидаш керак?” Ҳақли эътирозларга сабаб бўлган яна бир масалага ойдинлик киритдик...'ning rasmi

Таҳририятимизга фуқаролар томонидан энг кўп мурожаат тушадиган мавзулар бу – коммунал соҳа ва унда аҳоли ҳуқуқларининг бузилаётганлиги, маҳаллий раҳбарларнинг ишидан қониқмаслик. Масалан, йўл муаммоси. Бугун ҳам анъанага содиқ қолган ҳолда аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлган, йиллар давомида “кейинги йилги дастурга киритилиб” келаётган йўллар масаласига эътибор қаратмоқчимиз...

                  “БИЗ ҚАЧОНГАЧА ЁЗДА ЧАНГ, ҚИШДА ЛОЙ КЕЧИБ ЮРАМИЗ?”

“Бизнинг маҳалламиздаги йўллар абгор аҳволда. Бу масалада неча йиллардан буён масъулларга мурожаат қилиб келяпмиз. Лекин ҳеч қандай натижа йўқ. Болаларимизни эрталаб тоза-озода, чиройли кийимларда мактабга жўнатсак, тушдан кейин чанг-тўзон бўлиб, бир аҳволда уйга кириб келишади. Худди шу масала юзасидан бир неча марта туман ҳокимининг сайёр қабулларида бўлдик. Муаммони айтдик. Ҳатто ҳокимимиз “Сизлар шу яшашингизга ҳам шукур қилинг!” деб жавоб берди. Биз энди бу одамнинг қўл остидаги масъулларидан нимани кутайлик? Ривожланаётган давлатнинг фуқароларимиз ахир, биз қачонгача ёзда чанг, қишда лой кечиб юрамиз?
                                                                           Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани “Чўкирли” маҳалласи фуқаролари

Ушбу мурожаат таҳририятга етиб келган куннинг ўзидаёқ Сурхондарё вилояти ҳокимияти билан боғланишга ҳаракат қилдик. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати кўмаги билан туман масъулларини топишга уриндик. Қумқўрғон туман ҳокимиятининг ахборот хизмати билан боғланганимизда улар ушбу ҳолатдан яхшигина хабардорлиги маълум бўлди ва бизга қуйидагича изоҳ беришди:

                                      “2022 ЙИЛ ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИНИ ЯКУНЛАШ БЕЛГИЛАНГАН”

Санжар ҲИММАТОВ, 
Қумқўрғон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бош муҳандиси: 

— Қумқўрғон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси Қумқўрғон туман ҳудудидан ўтувчи 4П-105 “Дарбанд-Бойсун-Элбаён” автомобиль йўли 70–89 км. қисми Қумқўрғон туман ҳудудига тегишли бўлиб, 2019 йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Президент протоколи асосида 2019–2022-йиллар давомида жорий таъмирлаш учун дастур тузилган. 2022 йилнинг 4-чорагида тўлиқ таъмирлаш ишларини якунлаш белгиланган. Ҳозирда 5 км. йўл талаб даражасида асфальт қилинган, қолган 1.4 км йўл ҳам тош тўшалиб асфальтланишга тайёр қилинган.

Тақдим этилган маълумотлар бироз таскин берииши мумкин, аммо вазиятга далхдор муносабатлардан кўнглимизни бироз хира ҳам тортди. Яъни, туман ҳокимлигининг бизга изоҳ берган вакиллари мурожаат йўллаган ҳудуд фуқароларини “ёзувчи”га чиқарди. Зўўўрға берилган изоҳнинг эса имловий хатоларга тўлалигинику айтмай қўя қолайлик. Шу ўринда ўз ҳудуди муаммоси ҳақида қайғурган фуқароларни ёзувчига чиқаришга уринаётган айрим масъулларга эслатма:  биринчидан, ОАВга мурожаат қилган аҳолининг қўлида худди юқоридаги мурожаатчиларимиз каби аниқ факт ва далиллар бўлса, бу уларнинг “ёзувчи” эканлигидан далолат эмас. Балки ўзи яшаётган ҳудуднинг мансабдорлари фаолиятидан кўнгли тўлмаётганини англатади. Шундай экан, камчиликни баён этган одамни қоралаб, масалани хаспўшлашга уриниш эмас, балки қулоқ тутиб уни ҳал этишга киришиш марднинг ишидир.

                                АЙТГАНИДАН ҚАЙТГАНЛАР ҲАМ БОР, ЧУНКИ...

Таҳририятимизга худди шу мазмундаги, яъни носоз йўллар масаласидаги мурожаат Наманган вилояти Давлатобод тумани Қуйи Ровустон, Ёш қаҳрамон кўчаси аҳоли вакилидан ҳам келиб тушган эди. Биз аввал амалдаги тартибларга кўра, мазкур масала бўйича вилоят ҳокимлиги ахборот хизматидан масъуллардан изоҳ олишимизда ёрдам беришини сўрадик. Аммо Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбарининг жонкуярлик билан ёндашувидан (негаки, биз мурожаат юзасидан алоқага чиққан кунда ушбу лавозим эгаси хасталаниб шифохонада ётганлигига қарамай, туман масъулларини топиш имконини яратиб берганди) фарқли ўлароқ Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати масъули мазкур масалада бирор жавоб бермади. Орадан маълум вақт ўтиб, вилоятдаги мухбиримиз Умида Қўшоқовани мазкур масалани ўрганишга уринди, аммо ўзлари таҳририятга видеомурожаат йўллаганлар буни исташмади. Хўш, нега? Чунки ҳокимлик вакиллари ушбу мурожаат юзасидан фуқаролар билан боғланиб, таъмирга муҳтож йўл 2022 йилда дастурга киритилгани ҳолда тўлиқ таъмирдан чиқарилишини маълум қилишибди. Агар ҳолат ростдан ҳам улар айтганчалик осон ечим топган ҳамда аҳоли ўзлари хоҳлаб мурожаатларини қайтариб олишган бўлса, биз бундан фақатгина мамнун бўламиз. Агар... Бу ёғига энди 2022 йилда аниқлик киритамиз.

                                        АЙТГАНЧА...

Биз ушбу мақолани тайёрлаётган вақтимизда Адлия вазирлиги ушбу масалага дахлдор муҳим бир маълумотни эълон қилди. Яъни автомобиль йўллари соҳасида молиявий очиқлик ва жамоатчилик олдида ҳисобдорликни таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси муҳокама учун regulation.gov.uz порталига жойлаштирилган. Ушбу лойиҳа Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Лойиҳага кўра, йўл қурилишига сарфланадиган ҳар бир сўм жамоатчилик назоратида бўлади. Яъни қарор талабларига кўра, ҳамма учун очиқ бўлган “SHAFFOF YO’L” онлайн ахборот платформаси ва унинг мобил иловаси ишга туширилади.

Платформада:

  • автомобил йўллари қурилиши бўйича барча давлат дастурлари ва маҳаллий дастурлар бир жойда жамланади;
  • қурилиши ва таъмирланиши режалаштирилган йўлларнинг барчаси онлайн-харитада яққол кўриниб туради, яъни таъмирланаётган йўллар қандайдир “4К66” каби тушунарсиз рақамлар билан эмас, балки шаҳар ва кўча номигача ушбу платформадан ва мобил телефондан кўриб туриш мумкин бўлади;
  • шу хаританинг ўзида қурилиши ёки таъмирлашни амалга ошираётган ташкилот, сарфланаётган маблағ, бажарилган ишларнинг аҳволини бевосита кузатиб бориш имкони пайдо бўлади;
  • йўл жамғармаларининг барча тушумлари реал вақт режимида Платформада “онлайн-ҳисоблагич”да кўриниб туради, яъни масалан автомобилингизни рўйхатдан ўтказганда йўл жамғармасига тўланган маблағ қаерга кетганлигини шу заҳоти билиб олса бўлади;
  • аҳолига йўллар носозлиги, ҳаракатланиш учун пайдо бўлган муаммолар ҳақида фото- ва видеомурожаатлар қолдириш имконияти яратилади.

 

Мазкур қарор лойиҳаси билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин:

Муҳокама 26 августга қадар давом этади.

Адлия вазирлиги жамоатчиликни мазкур ҳужжат лойиҳасининг муҳокамасида фаол иштирок этишга чақирмоқда!

                                 ХУЛОСА ЎРНИДА

Албатта, текис ва равон йўллар масаласининг муҳим бир ечими бор: давлат бюджетидан мазкур йўналишга ажратилаётган миллиардлаб пуллар тўғри ва ўз ўрнида сарфланса бас. Эҳтимол янги таклиф этилаётган лойиҳа ҳам ушбу соҳада янада мукаммал жамоатчилик назоратига сабаб бўлар. Шунингдек, давлат бюджетидан бу тармоққа йўналтирилаётган пулларнинг “тақдирини” барчамиз кузатиб туришимиз учун қулай имкониятдир. Масъулларга айтадиганимиз эса битта: хиёнат жавобсиз қолмас!

                                                                                                                              Моҳинур РУСТАМОВА

Бошқа янгиликлар