Нима сабабдан мактаб дарсликлари ижара асосида берилади? Халқ таълими вазирлиги шу ва шу каби саволларга жавоб берди.
Маълум бўлишича, ота-она дарсликни кўчадан харид қиладиган бўлса бу унга жуда ҳам қимматга тушади, биргина таълим тили рус тилида бўлган 4-синф тўплам дарсликларнинг баҳоси очиқ савдода 299 630 сўмни ташкил қилса, кутубхонада ушбу тўплам дарсликнинг баҳоси 24 200 сўм бўлиб, 12 баробарга арзон саналади. Қайд этилишича, дарслик ижараси кутубхона жамғармаларидан ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.
Шунингдек, ХТВ мактабларда дарсликларни ижарага беришда аҳолининг ижтимоий заиф қатламларида имконият йўқлиги инобатга олинадими йўқми, деган саволга ҳам жавоб берди.
"Албатта инобатга олинади. Ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган оилалардаги ўқувчилар умумтаълим мактаби кутубхона жамғармаси томонидан дарсликлар тўплами билан бепул таъминланади. Бу “Умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисида”ги Низомда белгилаб қўйилган",- дейилади хабарда.






