Бугун, 25 август куни Сенат Раиси биринчи ўринбосари С. Сафоев Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси раиси М. Седерфелднинг Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари доимий делегациялари раҳбарлари билан бўлиб ўтган онлайн учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати маълум қилди.
Тадбирда Парламент ассамблеяси раисининг ўринбосари, Ассамблеянинг Марказий Осиё ва Мўғулистон бўйича махсус вакили П. Каума, Парламент ассамблеяси бош котиби Р. Монтелла, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Марказий Осиё мамлакатларидаги миссиялари раҳбарлари иштирок этди.
Учрашувда ЕХҲТнинг Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлашдаги роли, шу жумаладан Афғонистондаги вазият, ушбу мамлакатдаги вазият билан боғлиқ масалалар батафсил муҳокама қилинди.
Хусусан, томонлар Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда тузилмаларнинг иштирок этиши механизмлари, тизимли парламентлараро мулоқот юритиш ҳамда “таҳдидларнинг қўшни давлатларга тарқалиб кетишига” йўл қўймаслик бўйича тезкор чоралар кўриш юзасидан фикр алмашдилар.

Ўз навбатида, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси раиси М. Седерфелд Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш борасидаги конструктив ва изчил позициясини юқори баҳолади. У Тошкентнинг ушбу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва Марказий Осиё давлатлари хавфсизлигини таъминлаш борасида парламент дипломатияси механизмларидан максимал даражада фойдаланиш ташаббусларини маъқуллади. У Ўзбекистон билан яқин ҳамкорликка тайёрлигини таъкидлаб ўтди.
Тадбир натижасида томонлар хавфсизлик соҳасида минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, чегара назоратини мустаҳкамлаш дастурларини амалга оширишга келишиб олдилар.






