Тошкент вилояти Оҳангарон туманида Президентимизнинг 2021 йил 3 мартдаги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида ”ги қарори ижроси юзасидан семинар ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов, Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов, сектор раҳбарлари, тижорат банклари вакиллари, ҳудудлардан чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликлари эгалари ва фермерлар иштирок этди.
Таъкидланишича, чорва моллари наслини яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, наслчилик йўналишидаги хўжаликлар фаолияти ва чорвачилик маҳсулотларини етиштиришда йирик тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади.
– Охирги беш йилда чорвачилик субъектлари сони 3 баравар ошди, – дейди Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б.Норқобилов. – Биргина жорий йилнинг ўзида қиймати 7 триллион 122 миллиард сўмлик 1 минг 828 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бугунги кун ҳолатига кўра, 1 минг 131 та лойиҳа амалга оширилиб, натижада хорижий давлатлардан 90 минг бошдан ортиқ наслли қорамол, 80 минг бошдан ортиқ наслли қўй-эчкилар олиб келинди.
Ҳозирда чет давлатлардан келтирилган гўшт йўналишидаги тез етилувчан қорамолларнинг янги зотларини кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, Тошкент вилоятида ҳам бундай зотдор моллар парваришлмоқда. Қолаверса, майда шохли молларнинг зотини яхшилаш ва маҳсулдорлигини ошириш мақсадида қўйларнинг “Меринос”, “Романов”, “Эдилбой” ва “Дорпер” зотлари ҳамда эчкиларнинг “Ангор” ва “Занен” зотлари чет давлатлардан келтирилиб, уларни бош сонини янада кўпайтириш чоралари кўрилаётгани таъкидланмоқда.
Вилоят ҳудудий Чорванасл маркази директори Нодирбек Маҳмудовнинг айтишича, бугунги кунда вилоятда қорамолчилик, қўй-эчкичилик бўйича 617 та хўжаликлар мавжуд. Унда 86 минг бошдан зиёд чорва боқилмоқда. Давлат томонидан яратилган шароит ва имтиёзлар туфайли жорий йилда 208 та янги лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган. Бунинг натижасида қўшимча равишда яна жойларда 25 минг бош қорамол парваришланиб, 45 минг тонна қўшимча гўшт, 41 минг тоннадан ортиқ сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Бу йил чорвачилик хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш учун 7 миллиард сўм субсидия ажратилди. Бундан ташқари июль ойидан бошлаб тадбиркорларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари учун ҳам мазкур имтиёзлар берилмоқда. Шунингдек, жойларда наслчиликни ривожлантириш борасида тизимли ишлар бошланган. Хусусан, ҳозир Оққўрғон туманида аҳоли хонадонидаги қорамолларнинг 75 фоизи насли яхшиланди.
Семинарда соҳадаги янгиликлар, мавжуд муаммоларни бартараф қилиш борасида фикр алмашилди. Мазкур жараёнда вилоят ҳокимлиги, сектор раҳбарлари томонидан амалий кўмак берилмоқда. Тадбиркорларнинг янги лойиҳаларни амалга ошириш учун кредит маблағларини ажратиш, озуқа-ем етказиб бериш учун ер майдонларини ажратиб бериш борисидаги муаммолар юзсидан мутахассислар зарур ҳуқуқий тавсиялар берди.






