МИБ томонидан амалда ундирилганларнинг 7,6 трлн сўмлик 742 минг 476 та ижро ҳужжатининг муддати бузилган ҳолда ижро этилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати маълум қилди.
Ялпи мажлисда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Умаров суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала юзасидан муносабат билдирди.
Қўмитамиз томонидан мазкур соҳага доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси, шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш ҳолати ўрганиб чиқилди. Таҳлиллар асосида бугунги кунда Бюро органларининг фаолиятида айрим камчиликлар мавжуд эканлиги аниқланди.
Хусусан, маълумотларга кўра, Бюро органлари 2020 йил 1 январь ҳолатига жиноят, маъмурий, фуқаролик, иқтисодий судлар ва бошқа органларнинг жами 48,7 трлн сўмлик 3 млн 788 минг 927 та ижро ҳужжати иш юритувда бўлган. Йил давомида 34,5 трлн сўмлик 2 млн 698 минг 476 та ижро ҳужжати тамомланган ва тугатилган. Шундан 2 млн 124 минг 591 та (56 %) ижро ҳужжати бажарилиб, 15,1 трлн сўм (31 %) ундирилган. Амалда ундирилганларнинг 7,6 трлн сўмлик 742 минг 476 та ижро ҳужжатининг муддати бузилган ҳолда ижро этилган.
2021 йил 1 январь ҳолатига 14,2 трлн сўмлик 1 090 451 та ижро ҳужжати қолдиқ бўлиб ўтган. Шулардан, 3,2 трлн сўмлик 368 250 таси (40 %) икки ойлик муддати ўтган ижро ҳужжатлари ҳисобланади.
Шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳам қатор муаммо ва камчиликлар мавжуд.






