“AрМИ-2021” халқаро армия ўйинлари доирасида ўтказилаётган “Элбрус ҳалқаси” мусобақасининг иккинчи босқичида ҳарбий хизматчилар Баксан тоғли дарёсини осма усулда кесиб ўтиш вазифасини бажарди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Aхборот ва оммавий коммуникациялар департаменти маълум қилди.
Aлпинистлар гуруҳи Терскол тоғ тайёргарлиги ва омон қолиш маркази майдонидан марш юришни бошлаган бўлиб, белгиланган ҳудуддаги тоғ дарёсини осма арқон ёрдамида кесиб ўтишга киришди.
Тоғ дарёсидан ўтиш шартида иккинчи энг яхши натижани Ўзбекистон жамоаси қайд этиб, ўтган йилги натижаларини янгилади — 7 дақиқаю 19 сония. Қозоғистон жамоаси эса тоғ дарёсини 8 дақиқа 25 сонияда босиб ўтди.
Шунингдек, кичик сержантлар Тўқлиев, Aбдулҳамидов ва Ибрагимов мусобақанинг “Тоғ тўсиқлар йўлаги”дан ўтиш шартини 12 дақиқа 58 сонияда уддалаб, рекорд натижани кўрсатди. Мазкур шарт бўйича охирги рекорд 2020-йилда ўрнатилган эди — 14 дақиқа 16 сония.
“Элбрус ҳалқаси”нинг иккинчи босқичи баллари бўлинмаларнинг Элбрус атрофида амалга оширадиган 100 километрли марш юришидан кейин ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, “Элбрус ҳалқаси” мусобақасидан Хитой, Россия, Покистон, Қозоғистон, Aрманистон, Aбхазия, Жанубий Осетия, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳарбий алпинистлар жамоалари таркибида 90 дан ортиқ ҳарбий хизматчи иштирок этмоқда.






