АсосийJamiyat

Адлия вазирлиги фермерлар манфаати бузилиши бўйича ўрганишининг дастлабки натижаларини эълон қилди

'Адлия вазирлиги фермерлар манфаати бузилиши бўйича ўрганишининг дастлабки натижаларини эълон қилди'ning rasmi

Фермерлар ҳуқуқларини тушунтириш ва ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган “Фермерга мадад” акцияси доирасида адлия органлари томонидан ўтказилган ҳуқуқий мониторинг соҳада бир қатор муаммо ва камчиликлар борлигини кўрсатди.

Акция доирасида фермерлар билан тайёрловчи, таъминот ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасидаги шартномавий муносабатларда жами 156 223 та хато ва камчиликлар аниқланган.

Фермер ердан фойдаланишининг ҳуқуқий асоси ер ижара шартномасида белгиланади. Мониторингда 565 та ҳолатда фермерлар билан ер ижара шартномаси тузилмаганлиги, 794 та ҳолатда ер ижара шартномасининг нусхаси фермерларга берилмаганлиги аниқланган.

Ер ижара шартномаси тузилмаса, ҳокимликларга қўл келади, улар исталган вақтда фермердан ерни олиб қўйиши ёки ердан фойдаланиш фермерга исталган қўшимча талабни қўйиши мумкин, натижада фермер масъуллар хатти-ҳаракати юзасидан судга шикоят қилишда муаммога дуч келади.

Фермер маҳсулотни сотиш бўйича контрактация шартномаси, фаолияти учун зарур ўғит, ёқилғи, ўсимликлар ҳимояси воситаларини ва бошқа маҳсулотларни ҳарид қилиш, кредит, механизация каби хизматлардан фойдаланиш бўйича 20 дан ортиқ корхона, ташкилотлар билан шартнома тузиб ишлайди. Ушбу шартномалар ўз вақтида ва тарафлар учун тенг шартларда тузилса, муносабатларда ҳуқуқий аниқлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик таъминланади.

Лекин ўрганишлар кўпчилик ҳолатларда тайёрловчи, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўзларининг монопол мавқеидан фойдаланиб, айрим ҳолларда эса давлат органларининг аралашуви билан шартномавий муносабатларда фермерлар манфаатларига зид хатти-ҳаракатлар қилаётганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, акциянинг дастлабки 1 ойида ўтказилган ўрганишларда тайёрловчи, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан фермерлар ўртасидаги шартномалар 34 861 та ҳолатларда кечикиб тузилганлиги, 48 396 та шартнома ҳудудий қишлоқ хўжалиги бўлимларидан рўйхатдан ўтмаганлиги аниқланган.

Масалан, Шаҳрисабз туманида 2021 йилда 137 тонна пилла сотиш бўйича тузилган 456 та шартномалар туман қишлоқ хўжалиги бўлимидан рўйхатдан ўтмаган.

Маълумки, рўйхатдан ўтмаган шартномани исталганча ўзгартириш ва унга тузатишлар киритиш мумкин ёки уни давлат органи томонидан мониторинг қилиш имконияти бўлмайди. Албатта, бундай ўзгартиришлар фермер фойдасига бўлмаслиги аниқ.

Шунингдек, монопол мавқеидан фойдаланиб фермерлар етиштирган маҳсулотлар 7 531 та ҳолатда контрактация шартномаси тузмасдан олиб кетилган.

Масалан, Хатирчи туманидаги “DYNAMIC ELEKTRONICS” МЧЖ кластери томонидан “Бахтиёр Эргаш боғи”, “Хуршид-94”, “Сайёд”, “Даврон Фарход мухосиби” каби 17 та фермер хўжаликларидан ғалла харид шартномаси тузилмасдан қабул қилинган.

“Бухоро агрокластер” МЧЖ кластери томонидан Когон туманида 13 та ҳолатда бўш, тўлдирилмаган шартнома имзолатиб, уларнинг бир нусхаси фермерларга тақдим қилинмасдан, етиширилган ғалла олиб кетилган.

Республика бўйича 24 мингдан ортиқ фермер хўжаликларига 180 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар ўз вақтида тўлаб берилмаган.

Жумладан, фермерлардан пахта тўқимачилик кластерлари 39 млрд. сўм, “Қишлоқхўжаликкимё” АЖ корхоналари 36 млрд. сўм, ғаллачилик кластерлари 34 млрд. сўм, дон корхоналари 27,6 млрд. сўм, нефть корхоналари 17 млрд. сўм қарздор.

Мисол учун, “Навоий агрокимёҳимоя” ҲАЖ Кармана туман филиалининг 68 та шартнома бўйича 196,1 млн сўмлик, “ММТП” МЧЖнинг 57 та шартнома бўйича 271,8 млн сўмлик муддати ўтган қарздорлиги юзага келган.

Ғаллачилик кластерларининг Тошкент вилоятидаги 859 та фермер хўжаликларига 12 млрд. сўм, Муборак туманида 4,2 млрд. сўм, Ангор туманида 3,9 млрд. сўм, Касби туманида 3,7 млрд. сўмлик етказиб берилган ғалла пуллари тўлаб берилмаган.

 

    Бошқа янгиликлар