Aҳолининг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш мақсадида Нишон туманида янги марказ биноси фойдаланишга топширилди.
Мазкур бино энг замонавий ахборот технологиялари воситалари билан жиҳозланди. Энди марказга ташриф буюрувчиларга давлат хизматлари кенг, ёруғ ва шинам хоналарда, қулай шароитда кўрсатилади.
Нишон туманида 158 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Марказ орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига жорий йилнинг шу кунига қадар жами 20 мингдан зиёд давлат хизмати кўрсатилди. Янги бинода аҳолига хизмат кўрсатиш сифати яна-да ошиши кўзда тутилган.
Марказда аҳолига бир вақтнинг ўзида 170 га яқин тезкор, қулай, шаффоф давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилган. Электрон навбат олиш учун инфокиоск, 10 та қабул ойнаси, кутиш жойлари, мўжазгина кутубхона, болалар майдончаси, буфет, туман адлия бўлими, инвесторлар учун алоҳида хона, банк шаҳобчаси ташкил этилди. Электрон навбат тизими 5 та мониторда акс этиб туради. Ўз-ўзига хизмат кўрсатиш учун махсус бурчаклар ҳам ташкил этилган. Шунингдек, марказ биносида Бош вазир қабулхонаси ҳам жойлашган.
Қайд этиш керак, марказда имкониятлари чекланган шахслар учун ҳам зарур шароитлар яратилган. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир фуқарога — алоҳида эътибор, жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари ҳисобга олинган.






