Аввал хабар берилганидек, Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилаётган Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилиши айни пайтларда давом этмоқда.
"Даракчи" мухбири Сардорбек Раҳмонқуловнинг хабар беришича, Президент Шавкат Мирзиёев юртимизнинг ислом дунёси билан кўп асрлик алоқаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
"Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Ислом тараққиёт банкига бундан 18 йил аввал аъзо бўлган. Айни вақтда юртимизнинг Ислом дунёси билан алоқалари минг йилдан зиёд тарихга эгадир.
Асрлар давомида Ўзбекистон замини мусулмон оламининг буюк ва ноёб маданияти, илм-фани ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг марказларидан бири бўлганидан сизлар албатта хабардорсиз.
Қадимий Ўзбекистон – яъни, Мовароуннаҳр диёри ислом дунёсининг юксак маданияти ва цивилизацияси ривожига унутилмас ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирлар юртидир.
Бухоролик буюк уламо – имом Аҳмад ибн Ҳафс Кабир Бухорий ва унинг бутун дунёга танилган шогирдлари, имом Ал-Бухорий ва имом Ат-Термизий асарларининг ислом фалсафаси илмий-назарий асосларини яратишдаги аҳамияти беқиёсдир.
Бухорои шариф мусулмон оламида “Қуббат-ул ислом”, яъни, “Ислом динининг гумбази” номи билан маълум ва машҳурдир.
“Жоруллоҳ” (“Аллоҳнинг қўшниси”) деган шарафли ном билан улуғланган Хоразмлик аллома Маҳмуд Аз-Замаҳшарий араб тили грамматикаси ривожига улкан ҳисса қўшганлиги сизларга яхши маълум, деб ўйлайман.
Маккаи мукаррамадаги “Масжид ул-Ҳарам” яқинида яшаган бу беназир олимнинг грамматикага оид “Ал-Муфассал” асари, арабча-форсча луғат китоби Шарқ давлатлари олийгоҳларида кўп асрлар мобайнида асосий дарслик ва қўлланма вазифасини бажарган", - дея тарихдан фактларни келтирди Президент.