Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги "Ички перевод" жавоблари қачон чиқишини маълум қилди.
Унга кўра, талабалар ўқишини кўчириш бўйича рўйхатдан ўтказилган аризалар (олий таълим муассасаларидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаларига мос ва турдош йўналишлар бўйича) вазирлик комиссияси томонидан кўриб чиқилди.
Кўриб чиқиш натижалари ариза муаллифларига қуйидаги тартибда эълон қилинади:
Ўқиши кўчирилиши тавсия этилмаганлиги бўйича маълумотлар ариза муаллифларининг transfer.edu.uz электрон тизимидаги шахсий кабинетларига юборилади. Шунга кўра ушбу тоифадаги талабалар 2021 йил 5 сентябрь куни соат 10:00 дан бошлаб аризаларининг кўриб чиқиш натижалари бўйича шахсий кабинетлари орқали маълумот олишлари мумкин.
Ўқиши кўчирилиши тавсия этилган талабалар рўйхати 2021 йил 6 сентябрь куни 16:00 дан бошлаб талабалар ўқиши кўчирилиши сўралган олий таълим муассасаларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
Ўқиши кўчирилиши тавсия этилган талабаларнинг базавий ёки табақалаштирилган тўлов-контракт асосида кўчирилиши муайян олий таълим муассасаси томонидан узрли сабабларни асословчи ҳужжатларнинг асли кўриб чиқилгандан сўнг белгиланади.