Гап шундаки, таҳририятимизга мурожаат қилган тадбиркор-инвестор Ҳе Жибиаонинг (Хитой) мурожаати асосида шу йилнинг 24 август куни бўлиб ўтган суд мажлисида қатнашиш учун биз ҳам Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрига йўл олдик. Сирдарё вилояти маъмурий суди биносига кирар эканмиз, барча алоқа воситаларимизни топшириб киришимиз сўралди. Камина журналист эканлигим, телефоним – бу иш қуролим эканлигини таъкидлаб, очиқ суд мажлисида кузатувчи-журналист сифатида қатнашмоқчилигимни айтдим.
Ҳаммаси шундан бошланди. Соат 10:10. Бўлиши кутилаётган суд иштирокчиларини ичкарига олиб кираётган вакил мендан кутиб туришимни сўради. Ичкарига кириб кетди. Соат 10:20 ларда чиқиб келиб, мендан хизмат гувоҳномамни бериб туришимни сўраб, суд раиси сўраётганини, кўрсатиб, қайтиб олиб чиқишини айтди. Гарчи бунга ҳақлари бўлмаса-да ва мен ҳам ўзимга тегишли гувоҳномани бировнинг қўлига тутқазишга мажбур бўлмасам-да, тезроқ ичкарига кириш учун бериб юбордим. Ҳужжатни берар эканман, журналист эканлигим, ичкарига киришим зарурлиги, тадбиркорларга ва айниқса, инвесторларга давлат раҳбари даражасида эътибор қаратилаётган бир пайтда (Президент ва тадбиркорлар учрашувини мисол қилиб ҳам келтирдим) тадбиркорнинг бузилаётган ҳуқуқларини тиклашда ҳолислик кераклигини таъкидлаб ҳам ўтдим. Соат 10:35. Ичкаридан садо йўқ.
Менинг ҳужжатим билан улар ичкарида нима қилишаётгани менга қоронғу эди. Очиқ судга кириш шунчалик муаммо эканлигини эса Сирдарёга келиб кўрдик. Ниҳоят, суд вакили чиқиб келди. Энди ичкарига кираманми, деб турсам, яна кутиб туришимни, томонлар журналистнинг судда қатнашишини сўраб, илтимоснома киритганларидан сўнггина ичкарига киришим мумкинлигини айтди. Бунисига ҳам индамайгина кутдик.
Соат 10:40, 11:40, 12:20 бўлмоқдаки, ҳамон ичкаридан садо йўқ. Бу орада бино қоровулларидан ичкаридан бирор вакил чақиришларини сўрадим. Ичкаридан чиққан девонхона вакили суд процесси бошланиб кетгани, судга аралашолмаслигини айтиб кириб кетди. Қарийб икки соат “очиқ” суд мажлисини бинога кириш қисми ўриндиқларида ўтказдим. Ниҳоят, 12:30 лар атрофида ичкаридан бирма-бир чиқиб кела бошлашди. Мазкур суд мажлисида иштирок этган прокурордан нега ичкарига киритилмаганим, ҳатто, сабаби ҳам тушунтирилмасдан куттирилганим ҳақида сўраганимда, бу бўйича изоҳ бера олмаслигини, ҳадемай суд раиси чиқишини ва ўзи изоҳ беришини айтиб, ичкарига кириб кетди. Табиийки, судга раислик қилувчи А.Аҳмедов ҳам, унинг бирорта вакили ҳам бизга бу борада ҳеч қандай изоҳ келтирмади.
Ҳуқуқлари бузилиб келаётган инвесторнинг зарарига чиқарилаётган мужмал жавоблар, ажримларга қарши мурожаатчининг ўзида ҳам, каминада ҳам, ўнлаб асослар бор эди. Журналистнинг ОЧИҚ суд мажлисига киритилмаслиги, мурожаатчининг турли асослари инобатга олинмаслиги, ҳатто, Президент қарорлари бандлари давлат идорасининг (жавобгар Гулистон шаҳар Давлат солиқ инспенцияси) фойдасига мослаштириб келинаётгани турли шубҳаларни ошириб келаётгани сабабли, бу мавзуга нуқта қўйиш мақсадида Сирдарё вилояти Маъмурий судидан адолат истаб истаб борган эдик.
Аммо, лекин, бироқ шубҳалар нафақат барҳам топди. Балки, улар янада ортди. Мурожаатчига куни кеча етиб келган Сирдарё вилояти маъмурий суди аппеляция инстанциясининг қарорида эса, на Президент қароридаги талаблар қаноатлантирилган, на мурожаатчи томонидан келтириб ўтилган ўнлаб асослар инобатга олинган.
Аслида очиқ-ойдин кўриниб турган бу иш нега пайсалга солиниб, Президент қарорлари бандлари бошқача талқин қилинмоқда? Мурожаатчи вакили томонидан келтирилган ўнлаб асослар суд қарорида инобатга ҳам олинмаган, ёзилмаган ҳам. Нега? ОЧИҚ суд мажлисига ОАВ вакилининг киритилмаслигини қандай изоҳлаш мумкин? Чиқарилган қарор ва бу ҳолатлар А.Аҳмедов раислик қилган мазкур суд ишининг ҳолислигига шубҳаларни оширади. Масъуллардан бу борада аниқ ва ишончли изоҳ талаб қиламиз!
Сардорбек Раҳмонқулов






