6 сентябр куни Туркияда Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг “Дунё адолатлироқ бўлиши мумкин” номли китоби сотувга чиқарилди. Бу ҳақда “РИA Новости” хабар берди.
Китобда Эрдўғон глобал сиёсат муаммоларига, хусусан, адолацизлик, миграцион инқироз, халқаро терроризм ва исломофобия, дискриминация ва икки томонлама стандартларга эътибор қаратган.
Туркия раҳбарининг фикрича, БМТ Хавфсизлик кенгаши туб ўзгаришларга муҳтож, у ҳануз “дунё бешта мамлакатдан иборат эмас (БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари)” тамойилига асосланган ислоҳотларга чақиришда давом этмоқда.
Эрдўғоннинг сўзларига кўра, “Туркиянинг мақсади — ҳокимиятда бўлганларнинг ҳақ бўлиши эмас, аксинча, ҳақ бўлганларнинг ҳокимиятда бўлишини таъминловчи тизимни ўрнатиш”.
“Бизнинг тушунчамизга кўра, айнан адолат дунё бўйлаб тартибни, дунё учун нажот ва бахтиёрликни таъминлайди. Одил дунё учун ишонч ва умидни таъминлайдиган глобал тартиб керак”, — деб ёзади Эрдўғон.






