1

Туркиядаги “Business Turk” журналининг махсус сони Ўзбекистонга бағишланди

ДУНЁ 09.09.2021, 12:28
Теглар: Business Turk, журнал
Туркиядаги “Business Turk” журналининг махсус сони Ўзбекистонга бағишланди

Туркиядаги “Business Turk” журналининг махсус сони Ўзбекистонга бағишланди. 

Туркияда чоп этиладиган нуфузли журнал таҳририяти билан ҳамкорликда мазкур нашрнинг «Янгидан уйғониш: Ўзбекистон мустақиллигининг 30-йилида» номли махсус сони чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Махсус соннинг кириш қисми «Олтин қалам» ХV миллий мукофоти совриндори, журнал бош муҳаррири М.Рузубайнинг қуйидаги фикрлари билан бошланган:

 «Ўзбекистоннинг маданий ва маънавий меросисиз Турк дунёсининг тамаддун тарихини тасаввур этиб бўлмайди. Шу маънода Ўзбекистоннинг бой маданий-маърифий меросини бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари ардоқлаб, барчамизни ғурурлантирувчи муваффақиятлар билан янгидан юзага чиқармоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат ичида ва ташқи муносабатларида амалга ошираётган улкан ўзгаришлари, тинчликсевар ва инсонпарвар ислоҳотлари халққа ҳузур-ҳаловат, мамлакатга фаровонлик олиб келмоқда ва нафақат Ўзбекистон, балки қардош Марказий Осиё давлатлари, Озарбайжон ва Туркия аҳлини ҳам бениҳоя хурсанд қилиб, мамнуният бағишламоқда. Бинобарин, «Business Türk» журнали жамоаси ўлароқ, қардош Ўзбекистон мустақиллигининг 30-йилида қўлингиздаги ушбу махсус сонни тайёрлаш ҳам бизга катта ҳаяжон ва шараф бағишлади. Ота юртимиз Ўзбекистон истиқлолига бағишлаб бундай журнални тайёрлаш – биз учун катта бахтдир. Ушбу нашр одатдаги махсус сон эмас, балки тарихий манба бўлиб қолади, деб ишонаман».

Махсус соннинг тақдимот сўзи Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси А.Аъзамходжаев қаламига мансуб. 

«Албатта, бу йил Ўзбекистон истиқлолининг 30 йиллиги қутланмоқда. Бу давлатимиз учун бениҳоя муҳим бир сана, дея қайд этади элчи. Ўзбекистон бугун мустаҳкам оёққа турган, халқаро майдонда ўз сўзи ва обрў-эътиборига эга бир мамлакатдир. Бундан 30 йил аввал Ўзбекистоннинг мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлат Туркия бўлган эди. Туркия Ўзбекистон учун ҳаётий аҳамиятга эга қадам ташлаган эди. Шунинг учун бугун биз Туркиянинг шундай жасоратли ва биродарона қарорини беҳад олқишлаймиз ва катта мамнуният билан хотирлаймиз. Бир фикрни комил ишонч билан айта олманки, орадан йиллар ўтади, Ўзбекистон мустақиллигининг 40, 50 ва, иншооллоҳ, 100 йиллиги нишоналанади ва Туркиянинг ўша тарихий қадами мудом эҳтиром ила эътироф этилаверади».

48 саҳифадан иборат бўлган журналнинг мазкур махсус сонида Ўзбекистон давлат тизими, жўғрофияси, тарихи, иқтисодиёти, сайёҳлик салоҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилган, мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятининг ўзига хос хусусиятлари, иқтисодий имкониятлари ҳақида ҳам батафсил фикр юритилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1