Аввалроқ Ўзбекистон ОТМларининг 2021/2022-ўқув йили учун тўлов-контракт пули миқдорлари эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Маълумки, ушбу йил тўлов-контракт миқдори 10 фоизга ошган. Аммо бу талабалар ўртасида турли саволларга сабаб бўлди.
Шу сабабли Олий таълим вазирлиги мазкур жараён ҳақида батафсил тушунтириш берди.
Унга кўра, 2019/2020-ўқув йилидан бошлаб республика олий таълим муассасаларида таълим йўналишлари бўйича битта талабани тўлов-контракт шаклида бир йиллик ўқитиш қиймати меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори баробарида белгиланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва Ҳукумат қарорлари билан иш ҳақи миқдорлари оширилганда тўлов-контракт нархлари ҳам оширилиб борилади.
"2020/2021-ўқув йили бошида коронавирус пандемияси даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, хусусан, аҳолининг тўлов қобилияти пасайишини ҳисобга олиб, талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида базавий тўлов-контракт миқдорларига (яъни стипендиясиз суммага) 10 фоиз миқдорда чегирма қилинган эди.
Яъни 2021 йил 1 февралдан иш ҳақи миқдорлари 10 фоизга оширилган бўлсада, ўқув йили учун чегирма берилган базавий контракт миқдори сақлаб қолинди.
Мисол тариқасида оладиган бўлсак, педагогика, техника, гуманитар фанлар таълим йўналишлари бўйича кундузги шаклда тўлов-контракт миқдори чегирма ҳисобига 5 771 349 сўм этиб белгиланган эди. Аслида эса мазкур йўналишларда контракт миқдори 2020 йил 1 сентябрдан 6 412 610 сўм, 2021 йил 1 мартдан бошлаб эса ўқув йили учун белгиланган миқдорга нисбатан 16 фоиз юқори, яъни 6 733 555 сўм миқдорида бўлиши керак эди", – дейилади хабарда.
"Юқоридагиларни инобатга олиб, белгиланган тартибга мувофиқ 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб 2021/2022 ўқув йили учун (стипендиясиз) базавий тўлов-контракт миқдорлари таълим йўналишларига қараб 7 759 440 сўмдан 11 869 440 сўмгача белгиланиб, 34,4 фоизга оширилиши лозим эди.
Шунга қарамасдан, Давлат комиссиясининг қабул қилган қарорига асосан бугунги кунда республикадаги пандемия шароитини инобатга олиб, базавий тўлов-контракт миқдорлари ҳақиқатда ўрнатилиши лозим бўлган миқдорларга нисбатан камайтирилган миқдорларда тасдиқланди, яъни 2021/2022-ўқув йилида тўлов-контракт миқдорлари 10 фоиз оширилмаган, балки ўрнатилиши лозим бўлган миқдорга нисбатан 21,1 фоизга кам этиб белгиланган", –хабар берди вазирлик.
Маълумотга кўра, бунда коронавирусга қарши ихтиёрий равишда эмланган кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар учун контракт миқдори ўзгаришсиз қолади.